Ҳокимга кўкрак нишони
Таҳлил
−
12 Июль
14202Бошқа мамлакатларда билмадим-ку Ўзбекистонда ҳокимлар сўкса, ҳақоратласа ё ваколати бўлмаса ҳам қаматса, ишдан олинмайди. Гўё “ҳоким бува”ларимиз дахлсиздек. Сўкса ҳам, ҳақоратласа ҳам, ҳатто қаматса ҳам креслоси қимир этмайди уларнинг. Орадан озгина вақт ўтади, ҳамма воқеалар унутилади ва устига-устак, улар тақдирланади ҳам.
Бугун сиз билан ўқитувчини қаматган ҳокимнинг кўксига нишон тақилгани ҳақида гаплашамиз.
“Милтиқ бўлса отиб ташланг” деган жумла ёдингизда бўлса керак. Бу гаплар 2023 йилда Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги 28-мактаб директори томонидан вилоят ҳокимига қарата айтилганди.
Ўшанда мажлис вақтида айтилган бу гапларнинг бадали оғир бўлди. Тошкент шаҳрининг собиқ прокурори, ҳозирги Сурхондарё вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов собиқ мактаб директори томонидан айтилган сўзларни кўтара олмади, шекилли, директор аёл ҳокимнинг буйруғи билан залдан олиб чиқиб кетилди. Селектордан сўнг аёл ҳибсга олинган ва унинг мактабга директорлик қилган даврини қайта текширувдан ўтказиш бошланган.
Ҳокимга “можно” бўлган чоғи дарҳол Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) ва 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилган, деб топилиб, унга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 34-моддаси (бир неча ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун маъмурий жазо қўллаш) 2-қисмига асосан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Хуллас, ўша гап. Муаммони эмас, уни айтган одамнинг кетидан тушилган.
Ўшанда бу воқеаларга Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова ҳам муносабат билдириб, ўқитувчи маъмурий қамоқ жазосидан озод қилингани ва ҳолат шахсан унинг назорати остида эканини маълум қилганди. Бундан ташқари, вазир шахсан директор билан телефон орқали мулоқот ҳам қилган.
Ҳилола Умарова ҳокимларни педагоглар фаолиятига аралашмай, мактаблардаги шарт-шароитларини яхшилашга эътибор қаратишга чақирганди. Ўқитувчиларнинг ортида президент турганини айтган Умарова орадан бир йил ҳам ўтмай вилоят ҳокими Улуғбек Қосимовни “Таълим ҳомийси” кўкрак нишони билан тақдирлади. Таълим “ҳимоячиси” эмас, “ҳомийси”. Ҳомий сўзининг маъносини эса тушунтириш шарт эмас.
Қайсидир ҳокимнинг кўксига нишон тақилганини ҳа, деб ҳам ёритмайдиган ўзбек медиаси бу воқеликни ўтказиб юбормади. Жамоатчилик фаоллари директорни қаматишга ваколати бўлмаган ҳокимга чора кўриш ўрнига тақдирланганини танқид остига олади.
Журналист Анора Содиқова “Ҳилола Умарова милтиқ бўлса отиб ташланг … мени” деб ўз фикрларини қолдирган.
“Ўқитувчини қаматган ҳокимни вазир Ҳилола Умарова “Таълим ҳомийси” кўкрак нишони билан тақдирлади. Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов бир оғиз сўзи билан ўқитувчини қаматиб юборгани эсингиздами? Бугун ана шу ҳокимни ўқитувчиларнинг етакчиси бўлган вазир Ҳилола Умарова кўкрак нишони билан тақдирлади.
Ўшанда Сурхондарё вилояти ҳокимига хўрланган ўқитувчи “милтиқ бўлса отиб ташланг”, деганди. Бундай адолатсизлик ва мантиқсизликни кўриб жонимиз азоб чекмасин, Ҳилола Умарова милтиқ бўлса отиб ташланг … мени.
Журналист Илёс Сафаров эса Халқ таълими вазири томонидан тақдирланиши ва бўлиб ҳам нишон номи “таълим ҳомийси” экани – бу катта шармандалик эканини ёзмоқда.
“Ўқитувчини қаматган ҳокимнинг Халқ таълими вазири томонидан тақдирланиши ва бўлиб ҳам нишон номи “таълим ҳомийси” экани – бу катта шармандалик. Склероз, стратегиясизлик, ўқитувчиларга нисбатан ҳурматсизлик. Бу, шунингдек, жамиятга қарата эркин фикрли ўқитувчининг жойи қамоқ, қаматганники эса кўкрак нишон, дейиш ҳам.
Албатта, ҳоким ўшанда ҳақ бўлганига ишонади-да, албатта, кейинги фаолиятига куч олади-да. Шундоқ ҳам фаолияти гап-сўзлардан чиқмаётган вазир навбатдаги жиддий хатога йўл қўйди”, дейди Сафаров.
Тилшунос Азамат Акбаров эса амалдорни амалдор тақдирлаганини танқид остига олган.
“Ўқитувчини қаматган ҳокимни вазир “Таълим ҳомийси” кўкрак нишони билан тақдирлади. Ҳокимга нишон тақиш таълим вазирига қолибдими, нималар бўляпти-я! Амалдор амалдорни табриклаб юрибди….
Ўша воқеа содир бўлганида, “ёнингизда биз бор!” деб кечаси телефон қилган эди. Кейин, бу борада қўлидан ҳеч иш келмагач, директор қамалди. Энди бу борасинда масхаравозлик бошланибди-да! Таълим соҳаси бу борасинда гуллаб-яшнайди…
Сизларни билмадиму, менда “янги”, “кўкрак нишони”, “пойдевор” сўзларига аллақачон аллергия бошланган. Қайси соҳа абгор бўлса, ўша соҳадагиларга кўпроқ кўкрак нишони берилади. “Ветеран”лар босиб кетди...”, дейди тилшунос.
Бизни томоша қилаётганлар ҳоким қайси ишни “қотиргани” учун кўкрак нишони билан тақдирланди, деяётган бўлиши аниқ. Тўғрисини айтганда, бу савол бизни ҳам қизиқтирди ва бунга аниқлик киритиш мақсадида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигидагилар билан боғландик. Ўзини танитишни истамаган вазирлик мулозимига кўра, вилоят ҳокимига бекордан бекор “Таълим ҳомийси” кўкрак нишони берилмаган.
“2023-2024 йилда Ахборот технологиялари фан олимпиадасининг Республика босқичи жорий йилнинг 24-27 март кунлари Сурхондарё вилоятида ўтказилди. Ушбу жараённи ташкил қилиш учун маҳаллий бюджетдан 293 млн сўм маблағ ажратилди. Бундан ташқари, вилоят ҳокими соврини учун “Сурхон ёшлари” олимпиадаси – янги тизим ташкил қилиниб, унда жами 16 мингдан зиёд киши қатнашди. Бу учун вилоят ҳокими томонидан 100 млн сўм маблағ ажратилган. Шунингдек, 124 та умумтаълим мактаб ҳудудлари атрофини ўраш учун 4,3 млрд сўм сарфланди. 961 та мактаб ўқувчилари жамоалари ўртасида вилоят ҳокими кубоги учун “Заковат” интеллектуал уйини ташкил қилиниб, ғолиб бўлган 28 та умумтаълим мактабига жами 560 млн сўмлик (электрон доска ҳамда ноутбук) берилди.
Умумтаълим мактабларининг кутубхоналарига 2 млрд маблағ эвазига 100 000 (юз минг) дона китоблар жамланмалари тақдим этилди. Спортнинг “Мини футбол” турида бўлиб ўтган “Вилоят ҳокими кубоги” мусобақасида ғолиб бўлган мактаблар жамоаларига спорт зал қуриш ва спорт жиҳозлари учун 2 млрд сўм маблағ ажратилди. Вилоятдаги умумтаълим мактабларининг моддий-техник базасини ҳамда инфратузилмасини яхшилаш мақсадида 150 та умумтаълим мактабларидаги ҳожатхоналарда 3 млрд сўмлик, 14 та мактабда 18,5 млрд сўмлик ҳамда 7 та мактабгача таълим ташкилотларида 16,2 млрд сўмлик мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди”, дейди вазирлик ходими.
Буни қарангки, ҳокимнинг фуқаролар тўлаган солиқлардан мактабларга қилган яхшилиги беэътибор қолмабди-ю, Сурхондарё вилоят “каттаси”нинг мактаб директорини ишдан бўшатгани, мактабда текширув бошлатгани унутилибди. Ўзи ҳокимнинг бу каби текширувларни ўтказиш ва мактаб директорини ишдан бўшатишга ваколати борми?
Орангизда ҳуқуқшунослар бўлса изоҳда ёзиб қолдирсин.
LiveБарчаси