Фермерни сўккан Қува тумани ҳокими жазоланди

3-саҳифа

image

Фарғона вилояти Қува тумани ҳокими Х.Умаровга фермерни ҳақорат қилгани учун ҳайфсан интизомий жазоси берилди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг матбуот котиби Шерзод Сапаров маълум қилди.

Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда ҳокимнинг фермерлар билан учрашув давомида давлат фуқаролик хизматчисининг одоб-ахлоқ қоидаларига зид хатти-ҳаракатлари акс этган видеолар кенг муҳокамаларга сабаб бўлган.

Шундан сўнг, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўз ваколати доирасида Фарғона вилояти ҳокимлигига ҳолат юзасидан амалдаги қонунчиликка мувофиқ хизмат текшируви ўтказиш ва ҳуқуқий баҳо бериш бўйича тақдимнома киритган. Тақдимнома натижаларига кўра, Қува тумани ҳокими Х.Умаровга нисбатан ҳайфсан интизомий жазоси қўлланилган.

“Агентлик томонидан давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя этилишини таъминлаш, давлат хизматида юксак касбий ва ахлоқий стандартларни қарор топтириш ҳамда қонун бузилиши ҳолатларига нисбатан жавобгарлик муқаррарлигини таъминлаш ишлари изчил давом эттирилади”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Музработ тумани ҳокими Абдулла Маматқуловга ғалла топшириш режасини бажармаётган фермерлар билан ўтказилган йиғилишда уларни ҳақоратлаб, таҳқирлагани учун ҳайфсан интизомий жазоси қўлланилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг