Файзуллаев Америка клуби таклифини рад этди
Спорт
−
20 Февраль
11541Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Москванинг ЦСКА клуби аъзоси Аббосбек Файзуллаев Американинг “Сент-Луис” клуби таклфиини рад этди. Бу ҳақда футбол мутахассиси Алишер Никимбаев ўз Telegram-саҳифасида маълум қилди.
Манбага кўра, Файзуллаевга эндиликда бундай таклифлар бўлиши табиий ҳол. Буёғига футболчига қайсидир клуб қизиқаётгани ҳақида хабарлар кўпаяверади.
“Сент-Луис”нинг ўз версияси бор: клуб футболчининг трансферга тайёрлигини сўради. Америка клубига йўқ деб жавоб беришди, чунки футболчининг ҳозирги жамоаси билан шартномаси бор”, дейди Никимбаев.
Қайд этилишича, “Сент-Луис” клубининг спорт директори германиялик Лутц Пфанинштиль ҳисобланади. Пфанинштильнинг рафиқаси эса ўзбекистонлик. Бундан кўринадики, Файзуллаевга бўлган қизиқиш ўз-ўзидан пайдо бўлмаган.
Маълумот учун, 20 ёшли Файзуллаев ўтган ёзда ЦСКАга ўтган эди. “Армиячилар” таркибида ҳужумкор ярим ҳимоячи 18 та ўйин ўтказиб, 2 та гол урди ва 9 та голли узатмани амалга оширди.