Туркия нотинч. Эрдўғаннинг ишонгани ортидан пичоқ урди
Таҳлил
−
10 Октябрь 3896 19 дақиқа
Туркияда сўнгги ҳафталарда мамлакатнинг сиёсий кун тартибини бир исм эгаллаб олди. У исм Фатма Бетул Саян Кая. Бир пайтлар Туркиянинг Оила ва ижтимоий сиёсатлар вазири бўлган, кейинчалик ҳукмрон АК (Адолат ва тараққиёт) партияси раҳбариятида юқори лавозимни эгаллаган, Туркия раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг ишонганларидан бири бўлган Кая бугун сиёсий фаолияти билан эмас, балки фондлар ва акциялар атрофидаги улкан молиявий можаро билан тилга олинмоқда. Фатма Бетул Саян Кая атрофидаги охирги машмашалар Туркияда сиёсатни ҳам, молия бозорини ҳам ларзага келтирди. Бир неча кун олдин у Туркия сиёсатидаги таниқли, аммо ҳокимият ичида ўз ўрнига эга бўлган сиёсатчилардан бири эди. Бугун эса, унинг номи акциялар, миллиардлаб лиралар, фонд бозори, давлат стипендиялари, тиббиёт дипломи, сиёсий алоқалар ва ҳатто ҳукмрон партиянинг ички муносабатлари билан боғлиқ саволлар марказида турибди.
Гап бир неча юз минг ёки бир неча миллион лира ҳақида эмас. Оммага чиққан маълумотларга кўра, Кая ва унинг эри Иляс Кая апрель ойида Özata Denizcilik компанияси акцияларига жами 163 миллион лирадан ортиқ маблағ киритган. Орадан тахминан тўрт-беш ой ўтиб эса бу акциялардан 2,17 миллиард лирага яқин маблағ чиқарилган. Туркиядаги 2023 йилги зилзилаларни эсласангиз керак. Қарийб 2 млн аҳоли уйсиз қолганди ўшанда. Тасаввур қилишингиз учун 2,17 миллиард лира 2023 йилги зилзилалардан кейин ҳам уй-жой муаммоси тўлиқ ҳал бўлмаган Туркияда минглаб оилаларни янги ва хавфсиз уй билан таъминлашга йўналтирилиши мумкин бўлган улкан маблағдир.
Келинг, аввал бу рақамларни ўзбек сўмига чақиб кўрамиз. Кая ва эрининг жами инвестицияси сифатида тилга олинаётган сумма – 163 миллион 46 минг лира. 2026 йилнинг 8 апрель кунидаги Туркия Марказий банкининг расмий кўрсаткичида 1 АҚШ доллари – 44,4527 лира бўлган. Демак, ўша кундаги курс бўйича: 163 миллион 46 минг лира – тахминан 3 миллион 668 минг доллар.
Яъни гап тахминан 43 миллиард 232 миллион 500 минг сўмлик бошланғич капитал ҳақида кетмоқда. Агар 2,2 миллиард лирани ҳам айнан шу 8 апрелдаги курс билан шунчаки таққослаш учун ҳисобласак, бу қарийб 583 миллиард 427 миллион сўм бўлади.
Аммо бу воқеанинг энг қизиқ томони пулнинг қанча эканида эмас. Асосий савол – бу операциялар қандай амалга оширилган, маблағ манбаси қаердан келган, акциялар нега айнан шу вақтда сотиб олинган ва сотилган ҳамда Кая жуфтлиги бу қадар катта даромадини қандай изоҳлайди? Ва энг муҳими Фатма Бетüл Саян Кая бу жараённи ёлғиз ўзи амалга оширганми? Наҳотки у Эрдўганнинг орқасидан пичоқ урган бўлса? Яқин дақиқаларда шу саволларга жавоб қидирамиз. Фатма Бетул Саян Кая ким? Хўш Фатма Бетул Саян Кая исмли аёл ўзи ким? Нега унинг оддий инвестор сифатидаги операцияси Туркияда бунчалик катта сиёсий резонанс берди? Бунинг сабабини билиш учун унинг сиёсий таржимаи ҳолига назар солиш мақсадга мувофиқ.
Фатма Бетул Саян Кая 1981 йилда туғилган. У Туркиянинг Билкент (Bilkent Üniversitesi) университетида электр ва электроника муҳандислиги бўйича таҳсил олган. Кейинчалик АҚШдаги Нью-Йорк политехника университетида (Polytechnic Institute of New York University, ҳозирги номи – NYU Tandon School of Engineering) магистратурада ўқиган. Шундан кейин Туркияга қайтиб, Истанбул университети – Жерраҳпаша (İstanbul Üniversitesi – Cerrahpaşa) тиббиёт факултетида таҳсил олган. Очиқ таржимаи ҳолида у 2015 йил 25 май куни тиббиёт факультетини тамомлаганини билдирган. Аммо унинг сиёсий фаолияти бундан ҳам олдин бошланган. 2009 йилдан АК (Адолат ва тараққиёт) партиясининг (AK Parti İstanbul) Истанбулдаги бўлимида фаолият юритган. Кейинчалик ўша пайтдаги Бош вазир – Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг маслаҳатчиси бўлган.
2012 йилдан АК партиясининг Истанбулдаги бўлимида раҳбарлик лавозимларида ишлаган. 2016 йил 24 май куни эса Бинали Йилдирим (Binali Yıldırım) ҳукуматида Оила ва ижтимоий сиёсатлар вазири бўлган. 2018 йилда вазирлик даври якунланган. Кейинчалик парламентда Истанбул депутати бўлиб ишлаган. 2023 йилдан кейин эса депутат бўлмаган бўлса-да, АК партияси раҳбариятида фаолиятини давом эттирган.
2026 йилнинг сентябрига келиб, у АК партияси раиси ўринбосари ва ижтимоий сиёсатлар бўйича масъул шахс эди. Демак, бугунги воқеага оддий фуқаро эмас, Туркия сиёсатининг юқори қатламида бўлган шахс аралашган. Шунинг учун бу ишнинг сиёсий оғирлиги ҳам катта.
Фонд можаросидан кейин одамларда фақат “Бу 163 миллион лира қаердан келган?” деган савол билан бирга яна бир савол пайдо бўлди: “Фатма Бетул Саян Кая ўша йилларда қандай қилиб бунчалик кўп ишни бир вақтнинг ўзида бажарган?” Бу саволни айниқса İYİ Parti (Яхши партия) депутати Турҳан Чўмез (Turhan Çömez) парламентга олиб чиқди.
“Даъволар жуда жиддий. AK партияси сиёсатчиси, собиқ вазир ва унинг эри апрель ойида сотиб олган акцияларини сентябрь ойида, яъни FONZİ можароси авж олишидан олдин сотиб юборган. Улар беш ой ичида 2 миллиард лирадан ортиқ даромад олган. Ўтириб ҳисоблаб кўрдим – бу роппа-роса икки юк машинасига тўла пул дегани”, дейди у.
4 октябрь куни Чўмез икки алоҳида ёзма савол билан чиқди.
“Журналистларнинг қўнғироқларига ҳозир гаплаша олмайман деб телефонни ўчирган бу AK партияси сиёсатчиси, вақти бўлса, бир тушунтириб қўйсин! бу пулларни эри билан бирга олиб кетдими? Агар олиб кетган бўлса, қаерга?”
У бир томондан Каянинг Cерраҳпаша тиббиёт факультетидаги ўқиш жараёнини, иккинчи томондан эса İSBAK (İstanbul Bilişim ve Akıllı Kent Teknolojileri AŞ – Истанбул ахборот ва ақлли шаҳар технологиялари МЧЖ) компаниясидаги фаолияти ва хориждаги таълим харажатларини тушунтиришни талаб қилди. Нега? Чунки очиқ маълумотларда жуда қизиқ вақт жадвали пайдо бўлмоқда. Кая Билкент университетида муҳандисликни тугатган. Кейин АҚШда таҳсил олган. Очиқ таржимаи ҳолига кўра, 2009 йилда Туркияга қайтиб, Cерраҳпаша тиббиёт факультетига кирган. 2015 йил 25 майда уни тугатган. Демак, тахминан олти йил. Аммо булар билан бирга шу даврнинг ўзида бошқа ишларни ҳам бажарган.
АҚШдаги ўқиш, İSBAK ва стипендия масаласи. бу ерда энг кўп савол туғдираётган масалалардан бири – İSBAK. İSBAK – Истанбул шаҳар ҳокимиятига қарашли компаниялардан бири. 2021 йилдаги Истанбул ҳокимияти Текширув кенгаши ҳисоботига кўра, Кая 2008 йил 14 ноябрда İSBAK’ка муҳандис сифатида ишга олинган. Қизиғи, унинг АҚШдаги ўқиши учун стипендия масаласи ҳам айнан шу куни маъқулланган.
Ҳисоботларда унга: 85 минг 791 доллар ва 20 минг 289 лира миқдорида маблағ ажратилгани қайд этилган. У 2009 йил 12 январда АҚШга кетган. Энди саволни оддий қилиб қўяйлик. Бир томонда Нью-Йоркдаги ўқиш. Иккинчи томонда Туркиядаги тиббиёт факультети. Учинчи томонда İSBAK билан меҳнат муносабатлари. Тўртинчи томонда АК партиясидаги сиёсий фаолияти. Бешинчи томонда эса Эрдўғанга маслаҳатчи бўлиши. Мана шу комбинация жамоатчиликда: “Буларнинг барчасини бир одам бир вақтнинг ўзида қандай бажарган, қандай улгурган?” деган саволни пайдо қилмоқда. Бу саволни медиа ҳам кўтармоқда, парламент ҳам. Аммо бу даъволар ва саволлар Каянинг дипломи сохта эканини ёки пулга сотиб олинганини англатмайди.
Ҳозирча унинг тиббиёт дипломи сохта эканини тасдиқлаган бирорта суд қарори ҳам йўқ. Масала бошқа нарсада. ўқиш, иш, сиёсий фаолиятнинг барчасини бир вақтнинг ўзида қандай қилиб эплаганида. Турҳан Чўмез айнан шу ҳужжатларни сўрамоқда.
Сабаби, тиббиёт факультети оддий университетдаги оддий аудитория дарслари билан тугамайди. Айниқса юқори курсларда клиник машғулотлар, амалиётлар ва интернатура (амалий тиббий тайёргарлик босқичи – шифокор сифатида) мавжуд.
Чўмезнинг таъкидлашича, Каянинг очиқ таржимаи ҳолида 2009 йилда Cерраҳпаша тиббиёт факультетига киргани, 2015 йил 25 майда битиргани кўрсатилган. Лекин İBB (İstanbul Büyükşehir Belediyesi Kurumsal – Истанбул Катта шаҳар ҳокимлиги) Текширув кенгашининг ҳужжатларида унинг Нью-Йорк политехника университетидаги хорижий таълим жараёни 2010 йилда ҳам давом этгани, 2011 йил 14 ноябрдан – 2015 йил 20 апрелгача эса яна İSBAK ходими сифатида қайд этилгани кўрсатилган.
Шу ерда медиа бераётган савол жуда оддий: Агар сиз 2009–2015-йилларда тиббиёт факультетида кундузги таълим олаётган бўлсангиз, шу вақтнинг ўзида қандай қилиб бошқа давлатда таълим олиш, давлатга қарашли компанияда фаолият юритиб ва яна сиёсий лавозимларни ҳам эгаллагансиз? Кая кейинчалик катта оилавий бойликка эга эканини билдирган.
Журналист Ҳади Ўзишик (Hadi Özışık) у билан телефон орқали гаплашганини ва Каянинг 63,4 миллион лирага яқин сармоясининг манбаси ҳақида сўраганини айтган. Ўзишикнинг айтишича, Кая бойлик манбаси сифатида оиласи ва бобосидан қолган кўчмас мулкларни кўрсатган. Хусусан, Дўғубаязит шаҳридаги ер-мулклар ҳақида гапирган.
“Фатма Бетул Саян Кая бобосидан қолган ер-мулкларнинг эгаси. Яъни Дўғубаязитнинг деярли ҳаммаси бобосидан қолган. Буни менга ўзи айтди”, дейди у.
Ҳади Ўзишик Каянинг барча гапларини очиқламаган. У суҳбатни “off-the-record” деб қолдиришни Кая сўраганини айтган.
Можаро қаердан бошланди?
Туркиядаги сармоя бозори атрофидаги инқироз 2026 йилнинг сентябрида жиддий тус олди. Туркия Капитал бозорлар комиссияси (SPK – Sermaye Piyasası Kurulu) 131 та инвестиция фондини тугатиш ҳақида қарор чиқарди. Бу жараён 455 мингдан ортиқ ягона инвесторни қамраб олди. “Reuters” маълумотига кўра, тугатилаётган фондлардаги активлар қиймати 20 миллиард доллардан ошган. Бозордаги ваҳима оддий инвесторларни ҳам қамраб олди. Истанбулнинг (Borsa İstanbul) асосий индекси сентябрь ойида 16,65 фоизга тушди. Бу 2008 йилдан буён энг ёмон ойлик натижа бўлди.
Тергов эса фондлар билан боғлиқ манипуляция, пул ҳаракатлари ва айрим акциялардаги кескин ўзгаришларнинг сабабларини аниқлашга қаратилди. Шу жараёнда тобора кўпроқ “ном”лар пайдо бўлди. Tera, Pusula ва бошқа инвестиция компаниялари раҳбарлари ҳибсга олинди. Ensonhaber берган маълумотларда дастлаб ҳибсга олинганлар сони 51 нафарга етгани, кейинчалик эса тергов чуқурлашиб, 85 нафар гумондор ҳибсга олингани қайд этилган.
Яъни бу оддий бир фонднинг муваффақиятсизлиги эмас. Туркия ҳукумати буни катта молиявий терговга айлантирди. Ана шу фонд можароси ичидан эса сиёсатдаги энг катта исм – Фатма Бетул Саян Кая чиқиб келди. 163 миллион лира қандай қилиб 2,17 миллиардга айланиб қолгани учун уйғонган шубҳанинг илдизи шу ерда пайдо бўлди. “Яхши партия” (İYİ Parti) вакили Зейнел Эмренинг даъволарига кўра, Фатма Бетул Саян Кая 8 апрель куни Özata Denizcilik акцияларидан 250 минг дона сотиб олган.
“8 апрелдан бошланади. Қаранг, у Özata акцияларидан 255 лирадан 250 минг дона сотиб олган. Сентябрга келиб эса уларни 4 минг 482 лирадан сотган. 63 миллион 359 минг лира пул киритган, тўрт ой ичида эса 1 миллиард 344 миллион лира ечиб олган”, дейди у.
Унинг эри Иляс Кая ҳам айнан шу компания акциялари билан операциялар амалга оширган. У тахминан 150 минг дона акция учун 99 миллион 687 минг лира сарфлагани ва кейинчалик тахминан 826 миллион лира чиқаргани даъво қилинди.
Шундай қилиб, эр-хотин томонидан киритилган сумма: 63,359 миллион + 99,687 миллион = 163,046 миллион лира. Чиқарилган маблағ эса: 1,344 миллиард + 826 миллион = 2,17 миллиард лира.
Бу рақамлар бўйича ҳисоблаганда, оила тахминан 163 миллион лиралик капиталдан 2 миллиард лирадан ортиқ чиқим қилган. Аммо журналистик нуқтаи назардан бу ерда битта муҳим фарқ бор: 2,17 миллиард лирани тўлиқ “соф фойда” деб аташ тўғри эмас. Бу –акцияларни сотиш ва ундан кейинги ҳисоб-китоблардан олинган жами маблағ. Асосий капитал ҳам шу сумманинг ичида. Шунинг учун тўғрироқ қилиб 2,17 миллиард лирага яқин маблағ чиқарилгани” ёки “акциялар операциясидан олинган сумма дейиш мумкин. Бу рақамларнинг ўзи ҳали жиноят содир этилганини исботламайди. Лекин пайдо бўлган саволларни янада кўндаланг қўяди. Чунки айнан шу акциялардаги нарх ҳаракати, операциялар ва вақт масаласи терговчилар эътиборига тушган.
Каянинг қулоғига ким шивирлаган?
Зейнел Эмре ҳам айнан операцияларнинг вақтига эътибор қаратган. Унинг таъкидлашича, акцияларни сотиб олиш 8 апрелда бошланган, сотувлар эса сентябрда, фонд можароси авж олишидан олдин амалга оширилган.
Бу эса табиий равишда савол туғдиради: Кая жуфтлиги бозорни ўзлари таҳлил қилиб шундай қарорга келганми ёки уларга акциялар ҳақида қандайдир маълумот берилганми? Терговнинг асосий саволларидан бири ҳам шу. 7 октябрь куни Кая ва унинг эри Истанбулдаги Чағлаян суд биносида гумон қилинувчи сифатида кўрсатма берди.
“Reuters” ҳам уларнинг иш бўйича гумон қилинувчи сифатида кўрилаётганини келтирган. Эр-хотин эса “ҳеч ким бизни йўналтирмаган” деган жавобни берган. Иляс Кая терговчилар олдида апрель ойида Özata Denizcilik акцияларидан тахминан 150 минг лот сотиб олганини, акцияларнинг бир қисмини августда, қолганини эса сентябрда сотганини билдирган.
“2026 йил апрель ойида Özata Denizcilik акцияларидан тахминан 150 минг лот сотиб олдим. Акцияларнинг бир қисмини августда, қолганини эса сентябрда сотдим. Амалга оширган операцияларим қонунчиликка мувофиқ бўлган. Ҳеч қандай манипулятив ҳаракат содир этмадим. Инвеститцияларимда ҳеч кимнинг йўл-йўриғига амал қилмаганман”, дейди у.
У сотувдан тушган маблағнинг бир қисмини Halk Yatırım ва Tera Yatırım орқали қисқа муддат фондларда сақлаганини айтган. Кая ҳеч ким томонидан йўналтирилмаганини ва ўзига махсус маълумот берилмаганини қатъиян таъкидлаган. Иляс Кая операцияларни қонун доирасида амалга оширганини ва манипуляция қилмаганини билдирган. Тергов оммага чиққанидан кейин эса “виждонан ноқулайлик” ҳис қилганини айтиб, олган даромадини TMSF (Жамғарма омонатларини суғурталаш фонди – Tasarruf Mevduatı Sigorta Fonu) кўрсатган ҳисобга ўтказганини маълум қилган.
Фатма Бетул Саян Кая ҳам худди шундай позицияни билдирган. У апрель ойида тахминан 250 минг лот акция олганини, бир қисмини августда, қолганини сентябрда сотганини айтган. Сотувдан тушган маблағни қисқа муддат Тера (Tera) фондида сақлаганини, кейинчалик фонддан чиққанини ва даромад сифатида кўрилган суммани TMSF ҳисобига ўтказганини билдирган.
Яъни эр-хотин Каялар ўзларини ички маълумотдан фойдаланган ёки кимдир томонидан бошқарилган инвестор сифатида эмас, ўз қарори билан савдо қилган инвесторлар сифатида кўрсатмоқда. Энди терговчилар бу гапларни банк маълумотлари, акциялар савдоси ва пул ўтказмалари билан солиштириши айтилмоқда. Медиада пайдо бўлган кейинги хабарларда Кая оиласининг кўчмас мулклари ҳам текширилгани айтилди.
Айрим ОАВлар 49 қариндошга тегишли 182 та кўчмас мулк аниқлангани, бироқ Ағри ёки Дўғубаязит ҳудудида Кая оиласига тегишли мулк қайд этилмагани ҳақида ёзди. Шундан кейин “пул бободан қолган ер-мулкдан келган” деган изоҳнинг ўзи ҳам энди алоҳида текширув мавзусига айланди.
Аммо иш бу билан тугамади. Аксинча, октябрь ойининг биринчи ҳафтасида Фатма Бетул Саян Кая атрофидаги воқеалар янада кескин тус олди.
5 октябрь: пулларни қайтариш бошланди
5 октябрь куни Кая ва унинг эри Иляс Кая ишида янги бурилиш юз берди. Уларнинг ҳисобларидаги асосий капиталдан ташқари маблағни давлатга қайтариш учун мурожаат қилгани маълум бўлди. Гап тахминан 1 миллиард 860 миллион лира ҳақида кетмоқда. Дастлаб жамоатчиликка Кая жуфтлиги акциялардан 2,2 миллиард лира атрофида маблағ чиқаргани ҳақида маълумот тарқалган эди.
Аммо TMSF’га қайтарилиши кўзда тутилган сумма асосий капитал яъни дастлабки 163 миллион лирадан ташқари қисм сифатида кўрсатилди. 5 октябрь куни ушбу маблағ TMSF’нинг “ихтиёрий қайтариш” ҳисобига ўтказилгани хабар қилинди. Бошқача айтганда, Кая оиласи ўзлари инвестиция қилган дастлабки капитални эмас, айнан ундан ортган қисмни қайтариш механизмидан фойдаланган.
Бунинг учун Истанбул Бош прокуратураси ҳам рухсат берди. Кейин Кая ва унинг эри маблағлари сақланаётган 7 та банкка тегишли кўрсатмалар юборилан. Пуллар TMSF’га тегишли Birleşik Fon Bankası банки ҳисобига ўтказилиши керак эди. Лекин бу пулни қайтариш “иш ёпилди” дегани эмас эди. Чунки тергов давом этаётган, SPK эса Кая жуфтлигининг акциялар бозоридаги операциялари бўйича алоҳида ҳуқуқий жараён бошлаши кутилаётганди.
Каяга ким маълумот берган?
Охирги кунларда терговнинг яна бир йўналиши кўпроқ муҳокама қилина бошлади. Фатма Бетул Саян Кая ва Иляс Кая Özata Denizcilik акцияларининг кескин кўтарилишини олдиндан билганми? Чунки айнан шу компания акцияларидаги операциялар уларга жуда катта маблағ олиб келган.
Медиада эса бу борада янги даъволар пайдо бўлди. Айрим хабарларда Кая акцияларнинг ўсиши ҳақида Tera Portföy бошқаруви раиси Эрдин Ўзел орқали маълумот олгани тахмин қилинган. Ҳатто Кая ва Ўзел 8 апрель куни ўтказилган тадбирда ёнма-ён ўтиргани акс этган суратлар ҳам муҳокамага чиқди. Аммо бу ҳолатнинг ўзи Каяга махсус ёки ички маълумот берилганини исботламайди. Бу ҳозирча медиа даражасидаги даъво бўлиб қолмоқда.
Кая ва унинг эри эса ўз кўрсатмаларида бундай йўл-йўриқ олганини рад этмоқда. Демак, тергов учун энг муҳим саволлардан бири ҳануз ўша: Бу улкан даромад оддий бозор қарорининг натижасими ёки кимдир Кая жуфтлигига акциялар ҳақида олдиндан маълумот берганми? Бунга жавоб берадиган асосий далиллар банк операциялари, фонд бозори ёзувлари, телефон алоқалари ва пул ҳаракатлари бўлиши мумкин.
7 та банкка топшириқ
6 октябрь куни Кая жуфтлиги пулларини қайтариш жараёни янада аниқ тус олди. Истанбул Бош прокуратураси уларнинг ҳисобларидаги маблағларни Birleşik Fon Bankası банкига юбориш учун 7 та банкка ёзма кўрсатма юборди. Бу маблағлар Кая жуфтлигининг ўз аризасида кўрсатилган ҳисобларидан олиниши керак эди.
Жараён SPK томонидан эълон қилинган “ихтиёрий тўлов” механизми доирасида олиб борилди. Аммо бу ерда ҳам бир нозик жиҳат бор. Пулнинг қайтарилиши акциялар бозоридаги операциялар қонуний бўлганини автоматик тарзда англатмайди.
Яъни Кая жуфтлиги маблағни қайтаргани билан терговчиларнинг “бу пул қандай топилди?”, “савдо пайтида ички маълумотдан фойдаланилдими?”, “бозор манипуляцияси бўлганми?” деган саволлари йўқолиб қолмайди. Айнан шу сабабли SPK’нинг ҳам алоҳида ҳуқуқий чоралар кўриши кутилаётган эди.
Каялар судга чақирилди
Ва ниҳоят, 7 октябрь куни ишнинг энг муҳим босқичларидан бири бошланди. Фатма Бетул Саян Кая ва унинг эри Иляс Кая Истанбулдаги Чағлаян суд биносига чақирилди. Улар иш бўйича “гумон қилинувчи” мақомида кўрсатма берган. Тергов Истанбул Бош прокуратурасининг жиноятдан олинган маблағларни легаллаштиришга қарши бўлими томонидан олиб борилаётгани билдирилди.
Бундан олдин жамоатчилик асосан сиёсий саволлар билан банд эди: Кая нима учун бу акцияларни сотиб олди, қанча пул топди, нега АК партияси раҳбариятидаги лавозимидан кетди? Энди эса масала бевосита ҳуқуқий тергов босқичига ўтди. Иляс Кая терговчиларга берган кўрсатмасида 2026 йил апрель ойида Özata Denizcilik акцияларидан тахминан 150 минг лот сотиб олганини айтди.
У акцияларнинг бир қисмини август ойида, қолганини эса сентябрь ойида сотганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, операциялар қонунчиликка мувофиқ амалга оширилган, ҳеч қандай манипулятив ҳаракат содир этилмаган ва у ҳеч кимнинг йўл-йўриғига амал қилмаган. Фатма Бетул Саян Кая ҳам худди шундай позицияни билдирган. Яъни эр-хотиннинг асосий ҳимоя позицияси битта:
“Бизга ҳеч ким маълумот бермаган, ҳеч ким бизни йўналтирмаган, акцияларни ўзимизнинг инвестиция қароримиз асосида сотиб олганмиз”.
Тергов жараёнида Кая жуфтлиги акциялардан сотув орқали тушган маблағнинг бир қисмини кейинчалик Tera Portföy фондига жойлаштирганини ҳам билдирди. Яъни пул Özata Denizcilik акцияларини сотиш билан тўхтаб қолмаган. Акциялардан чиққан маблағнинг бир қисми яна молиявий инструментларга киритилган ва у ерда ҳам даромад олиш давом этган. Бу ҳолат терговчиларнинг эътиборини янада кучайтирди. Чунки энди масала фақат: “163 миллион лира қандай қилиб 2,2 миллиардга айланди?” деган савол билан чекланмайди. Яна бир савол пайдо бўлади: “2,2 миллиард лирага яқин маблағ кейинчалик қаерга йўналтирилди ва ундан яна қанча даромад олинди?” Айнан шу пул ҳаракати ҳам тергов доирасида текширилмоқда.
Кая партиядан чиқди
7 октябрь куни кечга бориб, Туркия сиёсатида яна бир катта янгилик пайдо бўлди. Адолат ва тараққиёт партияси Бош котиби Эйюп Кадир Инан (Eyyüp Kadir İnan) Фатма Бетул Саян Каянинг энди партия аъзоси ҳам, партия вакили ҳам эмаслигини маълум қилди.
“АК партияси сифатида Президентимизнинг кўрсатмалари ва ваколатли кенгашларимизнинг хулосалари асосида зарур чораларни кўрдик. Бугун Фатма Бетул хоним партиямиз аъзоси ҳам, партиямиз вакили ҳам эмас. Қолган масала ҳуқуқий масала. Унга суд қарор беради. У ҳақда менинг гапиришим ҳам мутлақо тўғри бўлмайди”, дейди у.
Бу баёнот Кая сентябрь ойида АК партияси раҳбариятидаги барча лавозимларидан истеъфо берганидан кейин юз берди. Эйюп Кадир Инан масаланинг ҳуқуқий томонига суд баҳо беришини айтди. Демак, бир неча ҳафта ичида Кая сиёсий жиҳатдан жуда катта ўзгаришни бошдан кечирди. Аввал, у АК партияси раис ўринбосари лавозимидан кетди, кейин унинг молиявий операциялари бўйича тергов бошланди, 7 октябрь куни эса у партиянинг ўзи билан ҳам алоқасини узди.
Бу эса воқеани оддий молиявий можаро чегарасидан чиқариб, АК партияси ичидаги сиёсий инқирозга ҳам айлантирди. Бугунги кунга келиб, ишнинг бир нечта алоҳида йўналиши шаклланган. Биринчиси – 163 миллион лирадан 2,17–2,2 миллиард лирага яқин маблағгача бўлган кескин ўсиш. Иккинчиси – бу операциялар амалга оширилган вақт. Учинчиси – акциялар ҳақида олдиндан қандайдир маълумот бўлган-бўлмаганлиги. Тўртинчиси – маблағларнинг кейинчалик Тера каби фондларга йўналтирилгани.
Бешинчиси – Кая оиласининг бойлик манбаси ва кўчмас мулклари. Олтинчиси эса энг сиёсий савол: Фатма Бетул Саян Кая бу операцияларни оддий инвестор сифатида амалга оширганми ёки унинг сиёсий мавқеи унга бошқа инвесторлар эга бўлмаган имкониятларни берганми? Ҳозирча бу саволларнинг ҳеч бирига “жиноят содир этилгани аниқ” деган хулосани бериб бўлмайди. Чунки Кая ва унинг эри айбловларни ҳамон рад этмоқда. Аммо бошқа томондан, улар аллақачон гумон қилинувчи сифатида кўрсатма берди, маблағларнинг асосий капиталдан ташқари қисмини TMSF’га қайтариш жараёнини бошлади ва Фатма Бетул Саян Каянинг АК партияси билан сиёсий алоқаси ҳам узилди. Шунинг учун бу воқеанинг ҳақиқий марказида ҳозирча битта рақам турибди: 163 миллион лира. Чунки айнан шу пулдан бошланган операциялар бир неча ой ичида 2 миллиард лирадан ошиқ маблағ ҳақидаги саволларни юзага чиқарди.
Энди эса бу пулнинг қандай қилиб бу даражада кўпайгани, кимнинг қандай қарор қабул қилгани ва бозор ичида кимлар бир-бири билан қандай алоқада бўлгани терговнинг асосий мавзусига айланмоқда. Бир пайтлар Эрдўғаннинг энг яқин сиёсий кадрлари қаторида бўлган, вазирлик қилган ва АК партияси раҳбариятида юқори лавозимни эгаллаган Фатма Бетул Саян Кая ҳақидаги қолган масалалар эса суд ва тергов органларига ҳавола.
Live
БарчасиЖиззахда 10 ёшли қиз зўрланди
06 Октябрь
Сергелидаги масжидга ўт кетди
03 Октябрь