Фатҳулла Маъсудов вафот этди
Маданият-санъат
−
30 Август 2020
73330Бугун, 30 август куни Ўзбек миллий академик драма театри директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фатҳулла Маъсудов 57 ёшида вафот этди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар берди.
Аввалроқ, Фатҳулла Маъсудов коронавирус-пневмония хасталиги билан Тошкентдаги хусусий шифохонада бир неча кундан буён даволанаётгани ҳақида хабар берган эдик. Унинг аҳволи оғир экани айтилганди.
Маълумот учун, Фатҳулла Маъсудов 1963 йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. 1980-1984 йилларда Тошкент театр ва рассомлик санъати институти талабаси бўлган.
1986-1988 йилларда Ўзбек давлат академик драма театри режиссёр ёрдамчиси, 1988 йилдан эса актёр сифатида фаолият кўрсатган. 2015 йилдан Ўзбек Миллий академик драма театри директори лавозимида ишлайди.
1999 йили "Шуҳрат” медалига сазовор бўлган. 2003 йили Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист унвони билан мукофотланган. 2014 йили "Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланди.
У театр саҳнасида "Қутлуғ қон”да Йигит, "Сеҳрли апелсин”да Шаҳзода, "Туҳмат”да Умид, "Мирзо Улуғбек”да Али Қушчи, “Ўткан кунлар”да Абдуҳаким, "Хотинлар гапидан чиққан ҳангома”да Қувонч, "Шум бола”да Омон, "Алишер Навоий”да Соҳибдоро, Мансур, "Соҳибқирон”да Аловуддин, "Машраб”да мулла Боқий, "Ҳаётдан тўйган тун”да Асад, "Кундузсиз кечалар”да Ойбек, "Қирол Лир”да француз Қироли, "Усмон Носир”да Усмон, "Адибнинг умри”да Ойбек, "Уч кунлик дунё”да Абдусаттор, "Талваса”да кичик фарзанд, "Чўртан балиқ амри билан”да Қорбобо, "Нажот истаб”да Мурод, "Нексия”да Таълат, "Абулфайзхон”да Раҳимбек, "Тахтизар”да Геракл, "Умр шомидаги бахт”да прокурор, "Ал-Фарғоний”да Дилмурод, "Энг сулув келинчак”да Абдулла, "Ўзбекча рақс”да Турсунбой, "Ҳасрат боғи”да Ашраф, "Ўғрини қароқчи урди”да Замон, "Курорт”да Шляпали киши, "Етти фарёд”да Сантеляно, "Бир қадам йўл”да Абдулқодир, "Ўткан замон ҳангмалари”да Ўғри, "Олтин қиз”да Ўғил, "Чимилдиқ”да Тоға, "Ўткан кунлар”да Отабек, "Омон бўлгин, азизим”да Жорж, "Сенга бир гап айтаман”да Ўғил, "Сизсиз ўтмас кунларим”да Исмоил ва бошқа кўплаб спектаклларда ранг – баранг образлар ижро этиб келмоқда.
Бундан ташқари, "Қалдирғоч”, "Сени излаб”, "Аёл зоти”, "Оқ тулпор изидан”, "Жумбоқ”, "Тойчоқ”, "Остона”, "Қутирган итлар орасида”, "Кичкина табиб”, "Зумрад ва Қиммат”, "Меҳрибонгинам”, "Мунис онам”, "Отангга қўл кўтарма”, "Бекатдаги одам”, "Хонадон эгаси” каби фильмларда роль ижро этган.
QALAMPIR.UZ таҳририяти аъзолари ўзбек театр ва кино санъатида ўчмас из қолдирган Фатҳулла Маъсудовнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдиради.