Қуролга айланган тасвирлар

Таҳлил

Ижтимоий тармоқларга болаларнинг сурат ёки видеосини жойлаштириш кўплаб ота-оналар учун оддий ҳолга айланган. Айримлар бундан завқланса, айримлар эса машҳурлик ёки даромад орттиришни кўзлайди. Бироқ бу каби видеоконтентларнинг салбий томонлари ҳам бор.

Интернетга юкланган ҳар қандай контент устидан назорат деярли йўқолади. Боланинг сурати ёки видеоси кўчирилиши, фотомонтаж қилиниши, шантаж ёки таҳдид воситасига айланиши мумкин. Амалиётда ўсмирлар кибертаҳдид, ҳақорат ва масхара сабаб руҳий босим остида қолиб, айрим ҳолларда жиноятгача боради. Хусусан, 14-15 ёшли қизларнинг суратлари уятли фотомонтаж орқали шантаж қилиниши ҳолатлари учрамоқда. Бу каби босим энг аянчли оқибатларга – ўз жонига қасд қилишгача олиб бориши мумкин.

Бундан ташқари, интернетда очиқ тарқалган болалар тасвирлари жинсий мойилликка эга шахслар учун “осон ўлжа”га айланиши эҳтимоли юқори. UNICEF маълумотларига кўра, дунёда ҳар учинчи интернет фойдаланувчиси бола ҳисобланади. Сохта аккаунтлар орқали болаларнинг ишончига кириш, шахсий маълумот ва тасвирларни қўлга киритишга қаратилган “груминг” ҳолатлари тобора кўпаймоқда.

Шунингдек, йиғлаётгани, қўрқаётгани ёки уялиб тургани акс этган болалар суратларини тармоққа жойлаштириш ҳам келажакда масхара ва ҳақоратларга сабаб бўлиши мумкин. Психологлар бундай ҳолатлар болада ўзига ишончсизлик, ижтимоий ёпиқлик ва руҳий тушкунликни кучайтиришини қайд этган.

Телефон – замон талаби, аммо фарзандни зарарли контент ва ғаразли шахслардан ҳимоя қилиш биринчи навбатда ота-онанинг масъулиятидир. Бугун лайк учун жойланган битта сурат эртага боланинг бутун ҳаётига соя солиши мумкин. Интернет унутмайди. Болалик эса ҳимояга муҳтож.

Видео тафсилотлари билан батафсил танишиш учун QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифаси орқали ушбу репортажни томоша қилинг.


Мақола муаллифи

Теглар

Интернет Телефон Ижтимоий тармоқлар Психологлар машҳурлик Сохта аккаунтлар лайк

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг