Фарғонанинг янги ҳокими матбуотдаги танқидларни бемалол қабул қилишини айтди
Жамият
−
29 Сентябрь 2020
12155Фарғонанинг янги ҳокими Хайрулло Бозоров матбуот ва ижтимоий тармоқлардаги холис ва асосли танқидларни бемалол қабул қилишини айтди. Шунингдек, у жамоатчилик назоратини кучайтириш таклифини илгари сурган. У бу ҳақда бугун, 29 сентябрь куни вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижроси ва бошқа долзарб масалалар юзасидан ўтказган кенгайтирилган видеоселектор йиғилишида гапирган.
“Дастлаб Фарғона, Қўқон шаҳарларида “халқ назорати” платформасини ишга туширишни режалаштирганмиз. Аҳоли учун бу мулоқот майдони бўлади. Улар ҳудуддаги муаммоларни бемалол айта олсин. Мутасадди раҳбарлар эса уларни ҳал этиш чоралари кўриши лозим. Шунингдек, матбуот ва ижтимоий тармоқларда холис, асосли танқид бўлса, биз бемалол қабул қиламиз”, деган Бозоров.
Қайд этилишича, вилоятдаги секторлар, ташкилот ва бошқармалар раҳбарлари энди очиқлик асосида ишлайди. Аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилиш баробарида ижтимоий тармоқлар орқали ҳам мурожаатларни қабул қилади. Кабинетда ўтирмасдан ҳудудларга бориб, йўналишлар бўйича муаммоларни ўрганади, уларни ҳал этиш чораларини кўради.
“Вилоят, шаҳар ва туманларда “Тадбиркорлар уйи” ташкил этилиб, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш борасида аниқ чора-тадбирларни амалга оширади. Бир сўз билан айтганда, тадбиркорнинг муаммоси шу ерда ечим топади. Истиқболли лойиҳалар, бизнес-режалар ишлаб чиқилади.
Вилоят раҳбари тадбиркорлар билан ишлаш, ҳудудларни обод этиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, уй-жой қурилиши ва бошқа соҳаларда олиб борилаётган ишларнинг талаб даражасида эмаслигини мисоллар орқали билдирди”, дейилади расмий ахборотда.
Таъкидланишича, биринчи марта мамлакатимиздаги туман ва шаҳарлардаги иқтисодий кўрсаткичлар, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш муҳити, инфратузилма ва мавжуд ресурслардан фойдаланиш даражаси ўрганилиб, таҳлиллар асосида улардаги тадбиркорлик ривожи ҳолати “яхши”, “ўрта” ва “қониқарсиз” ҳудудларга ажратилди. Афсуски, вилоятдаги Фурқат, Ёзёвон ва Қўштепа туманлари “қониқарсиз” деб топилган. Айни кунларда мазкур ҳудудлардаги муаммоларни ҳал этиш тадбирлари ишлаб чиқилмоқда.
Камбағалликни қисқартириш, эҳтиёжманд оилалар учун даромад манбаини топиб беришга ёрдам бериш барча сектор раҳбарларининг кундалик иш тартибидан жой олиши кераклиги таъкидланган.
Қайд этиш ўринлики, бунгача Фарғона вилояти ҳокими бўлиб ишлаган Шуҳрат Ғаниев ва журналистлар ўртасида бир неча бор келишмовчиликлар рўй берган. Ҳатто, ҳоким Сенатнинг Одоб-ахлоқ комиссияси йиғилишида ўтиниб узр сўрашгача борган.
LiveБарчаси