“Фарғоналик келинлар” еб битирган нефтни қайта ишлаш заводи 61 ёшда
Таҳлил
−
27 Январь 2020
19875
Мирзиёев таъбири билан Фарғоналик келинлар дабдала қилган Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи 61 ёшни қаршилади.
Собиқ совет иттифоқининг энг гуллаган ва қулоч ёзган даврида, 1959 йил 27 январь куни Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи ташкил этилган. Шу куни Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида биринчи бор нефтни бирламчи қайта ишлаш ЭЛОУ АВТ-1 турдаги технологик қурилмаси ишга туширилган.
Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи нефть ва газ конденсатини қайта ишлашни барча технологик жараёнларини ўз ичига олган бўлиб, нефть хом ашёсини қайта ишлашни чуқурлаштириш, хом ашё ресурсларидан оқилона фойдаланган ҳолда сифатли нефть маҳсулотларини олиш, атроф-муҳитга, яьни экологияга зарар келтирмасдан чиқиндисиз ишлаб чиқариш йўлларини қўллаш жараёнларини ўз ичига олади.
Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида айни вақтда 49 та технологик қурилмалар мавжуд, шунингдек, корхона тармоғида “Олтиариқ ёқилғи ишлаб чиқариш” корхонаси фаолият олиб бормоқда.
Ҳозирги кунда Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи ишлаб чиқариш бўйича лойиҳа қуввати 6 миллион 450 минг тоннани ташкил этади. Заводда 70 хилдан зиёд нефт маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Булар турли русумдаги автомобиль бензинлари, керосин ёқилғилари, дизель ёқилғилари, сурков мойлари, нефть битумлари, нефть кокси, парафинлар, мазут, суюлтирилган газ ва бошқалар.
Нефтни қайта ишлашни чуқурлаштириш кўрсаткичи асосан иккиламчи қайта ишлаш жараёнларига боғлиқ бўлиб, Фарғона НҚИЗда бундай жараёнларга бензинни риформинглаш жараёни, мойларни гидротозалаш жараёни, дизель ёқилғисини гидротозалаш жараёни ва секин коксланиш жараёнлари киради. Ҳозирги кунда Фарғона НҚИЗда нефтни қайта ишлаш жараёнини чуқурлик даражаси 89-90 % ташкил қилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 12 ноябрдаги 397-сонли “Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини қайта таъмирланиши тўғрисидаги” қарорига асосан заводда жаҳон стандартлари талабларига жавоб берадиган юқори сифатли нефть маҳсулотлари ишлаб чиқариш, меҳнат муҳофазаси ҳамда атроф-муҳит муҳофазасини яхшилаш мақсадида, умумий қиймати 178 млн. АҚШ долларини ташкил этган лойиҳа асосида реконструкция ишлари амалга оширилди. Реконструкция Япония давлатининг “Мицуи” ва “Тойо Инжиниринг” компаниялари билан ҳамкорликда олиб борилди. Йиллик ишлаб чиқариш қуввати 1 миллион 700 минг тонна бўлган, дизель ёқилғисини гидротозалаш (ГДС) янги технологик қурилмаси қуриб битказилди ва 1999 йил август ойида қурилма ишга туширилди. Ушбу қурилмани ишга қўйиш натижасида жаҳон стандартлари талаблари даражасида юқори сифатли дизель ёқилғиси хамда олий навли қадоқланган олтингугурт ишлаб чиқаришга эришилди.
Заводда кенг қамровли реконструкция ишлари амалга оширилиши натижасида эски қурилмалар қайта қурилиб, янги қурилмалар бунёдга келди. Ишлаб чиқариш технологиясида туб бурилиш ясалди, нефть маҳсулотлари сифатини яхшилаш билан уларнинг турлари кўпайди ва жаҳон бозорида ўз ўрнига эга бўлди. Бугун кунда дунёнинг 20 дан ортиқ давлатларга завод маҳсулотлари экспорт қилинмоқда.
Мой маҳсулотлари сифатини ва ишлаб чиқариш миқдорини ошириш ҳамда товар маҳсулотлари ассортиментини кўпайтириш мақсадида 2000 йили ЭЛОУ-АВТ-2,3 турдаги нефтни бирламчи қайта ишлаш технологик қурилмаларининг вакум блокларида, жисмонан ва маънан эскирган технологик жиҳозлари ўрнига замонавий технологик жиҳоз ва ускуналар ҳамда янги вакуум ҳосил қилиш тизимлари ўрнатилди.
Ишлаб чиқариш узлуксизлигини ҳамда атроф-муҳитни муҳофазасини таъминлаш мақсадида 1996 йилда янги, замонавий нефть ва нефть маҳсулотларини қуйиш ва тўкиш эстакадаси қурилиб, ишга туширилди.
Завод мутахассислари кучи билан модернизация ва замонавий технологияларни жорий этиш Дастури асосида, 2006 йилда йиллик ишлаб чиқариш қуввати 150 минг тонна бўлган газларни фракцияларга ажратиш технологик қурилмаси ишга туширилди. Натижада суюлтирилган маиший пропан-бутан газлари ишлаб чиқаришга эришилди. Бундан ташқари ушбу қурилмада 2012 йилда экстракция блоки қурилиб, ишга қўйилди ва йилига 2,0 минг тонна импорт ўрнини босувчи 95-98% концентрацияли техник толуол ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди.
Чет эл инвесторларни жалб қилиш йўли билан “УЗ-ПРИСТА” ва “ФАРМОЙ” қўшма корхоналарини ташкил қилинди. Бу билан Республикани юқори сифатли мой маҳсулотлари билан таъминлаш ҳамда дунё бозорига чиқиш имконияти яратилди.
Заводда ИСО 9001 сифат менеджменти, ОHSАS 18001 меҳнат муҳофазаси, ИСO 14001 экология менеджменти ва ISO 50001 энергоменеджмент ҳалқаро стандартлари тадбиқ этилиб, ҳозирги кунда ихтисослашган тизими ишлаб чиқилди ва жорий қилинди.
Тизимда амалга оширилаётган ўзгаришлар бугунги кунда ўзининг ижобий натижаларини бермоқда.
Автомобиль транспортига нисбатан экологик қонунчилик талабларининг ошганлиги сабабли, “Фарғона НҚИЗ”МЧЖда Евро 4 ва 5 стандартига жавоб берадиган дизель ёқилғиси ҳамда автомобил бензинларини ишлаб чиқариш масаласи кўтарилди.
Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йил июнь ойида Фарғона вилоятига амалга оширган ташрифи вақтида вилоят фаоллари билан йиғилиш ўтказган ва вилоятдаги нефтни қайта ишлаш заводини кескин танқид қилганди.
Ижтимоий тармоқларда яшин тезлигида тарқалган бир ярим дақиқалик аудиоёзувда Шавкат Мирзиёев Бош вазирлик вақтида Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи фаолиятига арашала олмаганини айтган.
“27 йилда Фарғонада битта янги корхона пайдо бўлгани йўқ. Ўша эски ФНПЗни шундай таги билан металлоломга ташласак, бизга фойда бўлади. Бунда чиқаётган маҳсулот бир тийинга қиммат. Агар бу зўр ишлаганда... бу маҳсулотни ўша олдинги бу ердаги, кечирасизлару қўпол бўлсаям, каламушлар эгаллаб олмаганда эди... Бу заводни дабдала қилиб кетган ўша ФАРҒОНАЛИК КЕЛИНЛАР. (!) Қўпол бўлсаям. Ҳаммаларинг тушуняпсизлар ким тўғрисида айтганимни.
Мен ўзимга сўз берганман, бир оғиз ҳам буюк инсонларга ном келтирмасликка. Нимага десангиз, Шароф Рашидовичнинг ҳаёти мен учун жуда катта ўрнак бўлган. Ўзимизни ўзимиз кўмганмиз бир пайтлар. Мен бундан йироқман, ҳеч қачон бу нарса бўлмайди. Лекин у каламушлар қилган Фарғонани. Эгаллаган, ҳамма нарсани дабдала қилган. Буям ҳақиқат! Шу Фарғона ФНПЗни ҳам улар эгаллаган эди. Мен Бош вазир бўлиб аралашмаганман. Аралашганимда бу ерда ўтира олмасдим. Хиёнат қилган халққа нисбатан улар ҳаммаси бир бўлиб. Тўда бўлиб, тўда бўлиб хиёнат қилган. Биронта депутат ҳам, биронта... айтолмасдик. Нимага десангиз, айтиш мумкин эмасди. Униям бугун айтишим керак. Бировга ёқадими, ёқмайдими виждонимнинг олдида тозаман. Тўда ўғирлаган Фарғона вилоятини. Ким тўғрисида айтганимни мен ҳаммаларинг биласизлар. У замон тугади энди”.
Президент бир неча бор ким ҳақида гапираётганини билишларини айтган бўлса ҳам, гап ким тўғрисида бораётганини аниқ очиқламаганди.
Мирзиёев нимага шаъма қилганди. Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи кимга тегишли эди? Нега ўша вақтлар ҳеч ким миқ этмаган? Боиси нима? Кишида бу каби саволлар туғилиши табиий.
Маълумотларга кўра, завод бир маҳаллар Татьяна Каримованинг жияни Акбар Абдуллаевга тегишли бўлган. Акбар Абдуллаев Татьяна Каримованинг опаси Тамара Собированинг ўғли.
Ўзбекистонда Гулнора Каримовага очилган жиноят ишидан кейин 2013 йилнинг октябрь ойида унинг жияни Акбар Абдуллаевга нисбатан Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан Акбар Абдуллаевга 164- “Давлат мулкини талон-тарож қилиш” ҳамда 184- “Солиқлардан бош тортиш” моддалари бўйича жиноят иши очилган эди. Мазкур жиноят ишига Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан Жиноят Кодексининг 210-моддаси, порахўрлик айби ҳам илова киритилган.
Абдуллаевга қарши жиноят иши Фарғона нефтни қайта ишлаш заводидаги текширувлардан сўнг бошланган.
2012 йил ёзида заводнинг деярли бутун раҳбарияти ҳибсга олинган.
Уларнинг кўрсатмалари асосида Акбар Абдуллаев ҳам ҳибсга олиниб, кейинроқ қўйиб юборилган. Халқаро ОАВ қайд этишича, Абдуллаевнинг фаолияти бевосита ва билвосита Гулнора Каримованинг қаноти остида бўлган.
Давлат раҳбари жорий йил 21 февраль куни нефть-газ ва кимё саноатини ривожлантириш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини инвесторларнинг ишончли бошқарувига бериш вазифасини қўйган эди. Шунга мувофиқ 10 апрелда “Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилган ҳолда модернизация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори қабул қилинди.
Мазкур модернизация жараёни Индонезиянинг “РТ Trans Asia Resources” хорижий компанияси билан ҳамкорликда уч босқичда амалга оширилади. Компаниянинг соҳада катта тажрибаси, жаҳон бозорида ўз ўрни бор. Бу заводни хомашё билан барқарор таъминлаш, уни жаҳон стандартлари асосида қайта ишлаб, ички ва ташқи бозорларга етказиб беришга хизмат қилади. Келгусида етакчи халқаро компаниялардан иборат бўлган консорциум ташкил этиш режалаштирилган.
Келишувга асосан, заводга жорий йилнинг ўзида камида 300 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этилади. Бу маблағ эвазига икки ой давомида ҳозирда ишламай турган 11 қурилманинг 7 тасидан фойдаланиш тикланади. Бунинг натижасида 7 минг 100 та иш жойлари сақлаб қолинади, 450 киши ўз иш ўринларига қайтади.
Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини уч босқичда модернизация қилиш режалаштирилган. Лицензия эгалари сафига АҚШнинг Honeywell UOP, Франциянинг Axens, Даниянинг Haldor Topsoe ва дунёдаги нефтни қайта ишлаш технологияларини ишлаб чиқарувчи бошқа етакчи компаниялар киради.
Лойиҳани амалга ошириш учун сармоядор томонидан GS компанияси (Жанубий Корея) мутахассислари жалб қилиниб, улар заводни техник кўрикдан ўтказди. Тўпланган маълумотлардан корхонани модернизация қилиш лойиҳасини ишлаб чиқишда фойдаланилади.