Гулнора Каримова ва Акбар Абдуллаев назоратида бўлган завод хорижий инвесторга сотилади
Жамият
−
11 Апрель 2019
21526Ўзбекистон Республикаси Президент и Шавкат Мирзиёев кеча, 10 апрель куни “Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини тўғридан-тўғри хорижий ивестицияларни жалб қилган ҳолда модернизация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Унга кўра, “Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи” хорижий инвесторга сотилади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” каналида хабар берилди.
Қарорга мувофиқ, “Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖнинг устав капиталидаги “Ўзбекнефтмаҳсулот” АЖнинг 100 фоиз улуши Давлат активларини бошқариш агентлигига берилди.
Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи “PT Trans Asia Resources” (Индонезия) хорижий компаниясининг инвестицияларини жалб этган ҳолда модернизация қилинади.
“PT Trans Asia Resources” компанияси заводни модернизация қилиб, тўлиқ ишлаб чиқаришни йўлга қўйганидан сўнг, кейинчалик фойдаланиш учун етакчи халқаро компаниялардан иборат консорциум ташкил этилади.
Кейинчалик заводнинг устав капиталидаги давлат улуши Ҳукумат шартлари асосида “PT Trans Asia Resources” компаниясига сотилади.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш ўринлики, 2014 йилгача Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи мамлакатнинг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг қайинсинглиси Тамара Акбарованинг ўғли Акбар Абдуллаевнинг назорати остида бўлган ва бу иш бевосита Гулнора Каримова билан боғланган.
Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида ўтказилган текширувлардан сўнг, 2013 йилнинг октябрь ойида Акбар Абдуллаевга нисбатан Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан 164 “Давлат мулкини талон-тарож қилиш” ҳамда 184 “Солиқлардан бош тортиш” моддалари бўйича жиноят иши очилган эди.
Эслатиб ўтамиз, Акбар Абдуллаевнинг суд томонидан хатланган Паркент тумани Кумушкон қишлоғидаги нотурар кўчмас мулк объекти боғи очиқ аукционга қўйилди.
LiveБарчаси