Фарғонадаги тўй кортежида “ҳунар кўрсатган”лар 15 суткага қамалди (видео)
Жамият
−
19 Сентябрь 2023
11780Ижтимоий тармоқларда бир гуруҳ йигитлар йўлда тўй кортежи уюштириб, ҳаракат қоидаларини бузгани тасвирланган видео тарқалди. Вилоят Ички ишлар бошқармаси мазкур ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, Фарғона вилояти Ёзёвон туманида куёв навкарда қатнашаётган 16 нафар йигит тўй кортежи уюштириб, йўл ҳаракати қоидаларини қасддан бузган. Шунингдек, 10 дан ортиқ автомашиналарда йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмай ҳаракатланган бу йигитлар бошқа транспорт воситаларига ҳам халал берган.
Мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган тадбирлар натижасида ушбу фуқароларнинг шахсига аниқлик киритилган ва уларга нисбатан қонуний чора кўрилган. Ўтказилган суд мажлисида айбланувчи 16 нафар йигитнинг ҳар бирига 15 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган ҳамда машиналари жарима майдонига қўйилган.
“Қонунга бўйсунмасдан, гуруҳ бўлиб ҳаракатланиб, қоидаларни буздик. Қилган ишимиздан пушаймонмиз. Бошқа қайтарилмайди”, дейди фуқаролардан бири.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳрида ташкил қилинган тўй кортежида бир неча машина ҳайдовчилари ер ости йўлида хавфли манёвр қилиб ҳаракатлангани учун жаримага тортилган эди. Шунингдек, Наманганда ноодатий тўй либосларида маросим ўтказган йигитга нисбатан ҳам чора кўрилганди.
LiveБарчаси