Фарғонада руҳий носоғлом ўғил онасининг бармоқларини кесиб ташлади
3-саҳифа
−
10 Июнь
11173Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида руҳий носоғлом ўғил онасига ва ўзига оғир тан жароҳати етказди. Бу ҳақда “Замон” дастурида хабар берилди.
Марғилон шаҳрида яшовчи фуқаронинг руҳий саломатлигида охирги пайтларда ўзгаришлар кузатилган. Онанинг сўзларига кўра, ўғлининг аҳволи ёмон ҳолатга келиб, кўзига тез-тез бир номаълум нарсалар кўринадиган бўлиб қолган. Шундан сўнг, она ўғлини бир неча маротаба шифохонага олиб бориб, маълум вақт даволатган. Ўша куни ҳам унинг кўзига бир нималар кўринган ва онасини калтаклаб кетган. Шунингдек, ўғил қўлидаги қайчи билан онасининг қўлларига жароҳат етказади.
“Ҳовлида ток қайчи бор эди. Узумларни кесардик. Қўлига токқайчи тушиб қолибди, ўзимни эплай олмадим”, дейди она.
Онасига жароҳат етказгандан сўнг, ўғил қўлида пичоқ билан кўчага чиқиб кетган. У Тошлоқ туманидан Марғилон шаҳридаги бозорга келган. Сўнгра, мато сотиладиган жойда ўзига шикаст етказган.
“Шу ерда ўзига қаттиқ пичоқ урди. Тахминан 7-8 сантиметр қорнига пичоқ кирди”, дейди бозордаги сотувчилардан бири.
У ўзини шикастлагандан кейин, у ердан ҳам қочиб кетган. Шифокорлар ва орган ходимлари уни Марғилон шаҳридаги Мустақиллик кўчасидан топган. Унинг аҳволи оғир бўлгани сабабли, шошилинч равишда операция қилинган.
“Жарроҳлар бригадаси тезлик билан уни операцияга олдик. Чунки қорин соҳасида катта тиғли жароҳат бор эди”, дейди шифокор.
Тез тиббий ёрдам ходимлари кўмаги билан қон тўхтатиб қолинган. Беморнинг руҳий ҳолати ҳамон ўзгармаган. У саволларга жавоб беришни истамаяпти. Психиатр келиб бир неча маротаба гаплашмоқчи бўлган, лекин бемор ҳеч нарса айтмаган.
“Жиноят содир бўлгани учун ҳозирда чуқур даражадаги депрессия диагнозини қўйдим. Умумий ҳолат яхшилангандан сўнг уни руҳий касалликлар шифохонасига ётқизиш керак бўлади”, дейди Марғилон шаҳар бош психиатри.
Юзи ва қўлларидан жароҳатланган онанинг аҳволи оғир бўлгани сабабли у операция қилинган.
“Иккала қўллари бешинчи ва биринчи бармоқлари кесилган ҳолда олиб келинди. Аҳвол ёмонлиги сабабли тезда операцияга олинган. Ҳозирда онанинг аҳволи қониқарли”, дейди травматолог.
ИИБ ахборот хизмати хабарларига кўра, йигитга нисбатан Жиноят Кодексининг 104-моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 2-қисми “л” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиноят ишлари бўйича Қумқўрғон тумани судида мерос сабаб онасини пичоқлаб ўлдирган шахсга ҳукм ўқилганди.
LiveБарчаси