Фарғонада она-бола шифокорни дўппослади
Жамият
−
29 Январь 2020
15621Ижтимоий тармоқларда юзи қонга беланган ҳамширанинг аянчли ҳолати тасвирланган сурат тарқалди. Ҳолат Фарғонада юз бергани айтилган ушбу сурат жамоатчиликнинг муҳокамасига сабаб бўлди. Мазкур ҳодиса юзасидан Фарғона вилояти ССБ ўрганиш ўтказди.
Маълум бўлишича, кеча, 28 январь куни Фарғона шаҳридаги 2-оилавий поликлиникада тиббиёт ходимларига тажовуз қилиш ҳолати юз берган. Дастлабки ўрганишлардан маълум бўлишича, воқеа шу куни соат 14:30-15:00 лар атрофида ультратовуш текшируви (УТТ) ўтказиладиган хонада содир бўлган.
Қайд этилишича, ультратовуш текшируви ўтказувчи шифокор Машҳура Тошматова ва унга бириктирилган ҳамшира Матлуба Маъмурова одатдагидек беморларни навбат билан қабул қилишаётган бўлган.
“Фуқароларни навбат билан қабул қилиб текширувдан ўтказаётган эдик. Навбат 1992 йилда туғилган бир бемор қизга етиб келганида, у билан бирга хонага ёш бола кўтарган она ҳам кирди. Ёш болали аёл боласи касаллиги, инжиқлик қилиб тинимсиз йиғлаётгани, ташқарида ҳам 3 ёшли фарзанди совуқда изиллаб тургани, иккита бола билан қийналиб кетганини айтиб, навбатсиз кўрикдан ўтказиб қўйишни илтимос қилди. Шунда мен навбати етиб кирган қизга “Агар рози бўлсангиз шу болали аёлни сиздан олдин кўриб қўйсам”, деб рухсат сўрадим. Қиз эса таклифимга кўнмай, ўзининг касал эканини айтиб, навбатини бермади. Шу боис унинг ўзини текширишни бошладим. Шу жараёнда қизга ёш болали аёлга навбатини берса қанчалик савоб иш қилган бўлиши мумкинлигини тушунтириб насиҳат қилдим”, дейди шифокор Машҳура Тошматова.
Шифокор қизни пухта текширувдан ўтказиб, белгиланган тартибда ташхис қоғозини ёзиб беради. Қиз эса эшитган насиҳатдан асабийлашиб, хонадан чиқиб кетади. Кўп ўтмай хонага ёши катта бир аёл билан кириб келади. Аёл унинг онаси бўлиб, биргаликда тиббий кўрикдан ўтгани келишган экан.
Аёл УТТ хонасига кирибоқ “Нега қизимни ҳақорат қиласанлар?” деб бақира бошлайди. Тиббиёт ходимлари вазиятни ҳарчанд тушунтиришса ҳам, аёл уларни эшитмай УТТ шифокорига электр чойнакни отиб юборади. Шунда ҳамшира аёлни тинчлантирмоқчи бўлиб, унинг ёнига келганида жазавага тушган она ва бола ҳамширага очиқчасига тажовуз қилиб, қўли билан уриб, оёқлари билан тепиб тан жароҳати етказади.
Тўс-тўпалонни эшитиб бошқа ходимлар хонага чиқиб, она ва болани ташқарига базўр олиб чиқиб кетадилар. Поликлиника маъмурияти дарҳол тез тиббий ёрдам бўлимига, воқеа ҳақида профилактика инспекторига хабар беришди.
Тез ёрдам машинаси келиб, юзи қонга беланиб, хушидан кетган ҳамширани ўзига келтириб, биринчи ёрдам кўрсатгач, оғир ҳолатда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиалига олиб кетишади.
Филиалда беморни нейрохирург ва бошқа малакали мутахассислар иштирокида кўрикдан ўтказилиб, ёпиқ калла мия жароҳати, бош мия чайқалиши, бурун суяги синиши, бурундан қон кетиши ташхиси билан рўйхатга олиниб, марказнинг нейрохирургия бўлимига стационар даволаниш учун ётқизилди.
Ҳозирда беморга зарур даво муолажалари амалга оширилмоқда.
Ички ишлар органлари томонидан мазкур ҳолат бўйича зарур ҳужжатлар юритилиб, дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
“Шуни қўшимча қилиш жоизки юқоридаги жанжалкаш она-болалар томонидан 2019 йил 18 январь куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиали 3-тез тиббий ёрдами подстанцияси ҳамшираси Дилафрўз Бозоровага таҳдид қилган бўлиб, уларга нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмаган эди.
Ўйлаймизки, бу сафар мазкур воқеага тез орада ҳуқуқий баҳо берилади”, дейилади хабарда.
LiveБарчаси