Фарғонада коронавирусга чалинган 19 яшар бемор аниқлангани ростми?
Жамият
−
21 Март 2020
45135Жорий йилнинг 20 март куни ижтимоий тармоқларда Фарғона шаҳридаги 5-оилавий поликлиникада коронавирус инфекциясига чалинган бемор аниқлангани ҳақида миш-мишлар тарқалди. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу гап-сўзларга муносабат билдирди.
Қайд этилишича, шу куни мазкур поликлиникага 2001 йилда туғилган Фарғона шаҳридаги гўзаллик салонларининг бирида фаолият кўрсатувчи ходим Х.Д. тана ҳароратининг ошиши, тамоқ оғриши шикояти билан мурожаат қилган. Тиббиёт ходимлари томонидан у белгиланган тартибда тиббий кўрикдан ўтказилган. Аммо бемор врачга ўз шикоятларини баён қила туриб, яқинда Россияда бўлиб қайтган фуқаро билан мулоқотда бўлганини айтиб, атрофдагиларни ваҳимага солган. Бу эса кўпчилик ўртасида асоссиз миш-миш тарқалишига ҳам сабаб бўлган.
Шундан сўнг белгиланган тартибда поликлиника маъсул ходимлари томонидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси штабига хабар берилган.
“Кўрилган тезкор тадбирлар ва эҳтиёт чоралари натижасида беморга зудлик билан маслаҳат гуруҳи юборилиб, эпидемиологик анамнези тўлиқ ўрганилиб, профилактик нуқтаи назардан юқумли касалликлар шифохонаси изоляторига ётқизилган. Коронавирусни аниқлаш учун ПЗР усулида текшириш учун суртма олинди. Шу билан бирга, унинг оила аъзолари ҳам қатъий тиббий кузатувга олинган”, дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Одилжон Умаров.
Сўнгги маълумотларга қараганда, бемордан шу йилнинг 20 март куни вилоят СЭО вирусология бўлими ходимлари томонидан ПЗР усулидаги №197 сонли олинган таҳлил хулосасига кўра, унда коронавирус инфекцияси аниқланмаган.
Маълумот ўрнида, аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган материалларни тайёрлаш ёки уларни тарқатиш мақсадида сақлаш 44 млн 600 минг сўмдан 89 млн 200 минг сўмгача миқдорда жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар ва материалларни ҳар қандай шаклда тарқатиш 66 млн 900 минг сўмдан 89 млн 200 минг сўмгача миқдорда жарима ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтда ушбу вирусни юқтириб олганлар 33 нафарга етди.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь