Фарғонада ички ишлар ходими ўзини отиб қўйди

3-саҳифа

image

Фарғона вилояти Тошлоқ туманида ички ишлар органи ходими хизмат қуроли билан ўзини отиб қўйди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди. 

Маълум бўлишича, Тошлоқ тумани ИИБ профилактика инспектори катта лейтенант А.У. жорий йилнинг 5 декабрда тунги хизматдан чиқиб, туман ИИБда ўтказилган эрталабки йўриқномага келмаган ҳамда у билан боғланишнинг имкони бўлмаган.

Ўтказилган суриштирув ишлари давомида катта лейтенант А.У. яшаш хонадонидан тахминан 3 км узоқликдаги Бесаранг қишлоғи ҳудудидан оқиб ўтувчи "Катта Фарғона" канали ёқасидаги йўлининг четида, ўзига тегишли бўлган Spark русумли автомобилида ўзига бириктирилган ПМ хизмат қуроли билан бош қисмидан жароҳатланган, кома ҳолатда топилган ва зудлик билан тиббий муассасага жойлаштирилган.

Аниқланишича, ходим, ижтимоий тармоқларнинг "1xbet" (онлайн қимор) иловасидан фойдаланиб, жорий йилнинг август ойида 45 млн сўм ютқазганлиги учун, қарздорлик муаммоси ҳал этилиб, интизомий тартибда жазоланган ҳамда вилоят ИИБ қошидаги Интизомий кенгашнинг назоратида бўлган.

Ҳозирда ҳолат вилоят прокуратура органлари томонидан ўрганилмоқда.

Маълумот учун, республика кесимида қимор ўйинлари бўйича маъмурий ҳуқуқбузарликлар сони 2019 йилда 1 минг 454 та ташкил этган бўлса, 2022 йилнинг 6 ойида 2 минг 325 тага етган. Ушбу ўйинларни ташкил этиш билан боғлиқ жиноятлар 2019 йилда 55 та бўлса, 2022 йилнинг 6 ойида 90 тадан ошган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг ноябрь ойида Хоразм вилоятида ИИБ ходими хизмат қуроли билан ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, 2021 йилнинг июнь ойида ҳам Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида ИИБ Пост-патруль хизмати ва жамоат тартибини сақлаш гуруҳи ходими ўзини отиб ўлдирган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

699

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг