Фарғона вилояти ИИБга янги раҳбар тайинланди
Жамият
−
29 Январь 5542 2 дақиқа
Ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Аюбхон Тошхўжаевич Раҳматуллаев Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар берди.
Қайд этилишича, вилоят ҳокимлигида Ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатов, вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, ҳуқуқ-тартибот идоралари, бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтган. Унда жорий йилнинг 27 январь куни Президент раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлат ва жамият хавфсизлигига бевосита таҳдид солаётган уюшган жиноятчилик, наркожиноятлар, кибержиноятлар ҳамда яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича берилган топшириқлар ижроси, шунингдек, Фарғона вилоятидаги мавжуд ҳолат атрофлича муҳокама қилинган.
Ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатов Чилонзор тумани мисолида жорий этилган янги тизим, унинг мазмун-моҳияти ва мазкур тажрибани Фарғона вилоятида самарали татбиқ этиш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтган.
Вилоятда жиноятчиликка қарши курашиш, унинг барвақт олдини олиш борасида муайян ижобий ишлар амалга оширилгани қайд этилган бўлса-да, айрим ҳудудларда жиноятчилик кўрсаткичлари юқори экани, маҳаллаларда ишни ташкил этишда хато ва камчиликларга йўл қўйилаётгани танқид қилинди. Аниқ мисоллар орқали мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгиланди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг тегишли буйруғига кўра Аюбхон Тошхўжаевич Раҳматуллаев Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи этиб тайинлангани маълум қилинган.
Қайд этиш жоиз, Аюбхон Раҳматуллаев кеча, 28 январь куни Фавқулодда вазиятлар вазири лавозимига тайинланган Азизбек Икромовнинг ўрнини эгаллади.
Аюбхон Раҳматуллаев бунгача Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари – Тезкор қидирув департаменти бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.
Live
Барчаси