Фарғона ва Қашқадарё вилоятларида карантин юмшатилади – Президент топшириғи
Жамият
−
24 Апрель 2020
15652Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 24 апрель куни аҳоли бандлигини таъминлаш ва иқтисодиёт тармоқлари фаолиятларини тиклаш масалалари муҳокамасига бағишланган навбатдаги видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.
22 апрель куни ўтган видеоселектор йиғилишида иқтисодиёт тармоқларини барқарор ишлатиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари Самарқанд ва Наманган вилоятлари мисолида муҳокама қилинган эди. Бу галги йиғилишда Фарғона ва Қашқадарё вилоятларида шу борада амалга оширилаётган ишлар кўриб чиқилди.
Маълумотларга кўра, Фарғонада 120 нафар, Қашқадарёда 6 нафар фуқаро коронавирус билан касалланган.
Карантин даврида Фарғонада 10 минг, Қашқадарёда 11 мингта корхонанинг ишлаб чиқариш кўрсаткичлари кескин камайган. Бунинг оқибатида айни пайтда ишсизлар сони ошган. Бундан ташқари, Фарғонада 56 мингта, Қашқадарёда 91 мингта эҳтиёжманд оила мавжуд.
Йиғилишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ушбу вилоятлар ҳокимларига касаллик юқтириш хавфи юқори, ўрта ва паст даражада бўлган туман ҳамда фаолият турларини таҳлил қилиб, карантин чекловларини босқичма-босқич юмшатиш бўйича Республика комиссиясига таклиф киритиш топшириғи берилди.
Жорий йилда қурилиш ва реконструкция ишлари учун Фарғонадаги 130 та объектга 632 миллиард сўм, Қашқадарёдаги 132 та объектга 536 миллиард сўм ажратилган. Лекин биринчи чоракда маблағларни ўзлаштириш ва лойиҳаларни амалга ошириш режадагидан анча ортда қолган.
Президент аҳоли бандлигини таъминлаш учун қурилишларни давом эттиришга рухсат берилганини инобатга олиб, мазкур икки вилоятдаги объектларда белгиланган ишларни жадаллаштириш зарурлигини таъкидлади.