Фаластинлик болаларни даволашга Ўзбекистоннинг имконияти етарли – Элмира Боситхонова
Жамият
−
12 Ноябрь
4157Кеча, 11 ноябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев навбатдан ташқари араб-ислом саммитида нутқ сўзлаб, урушда жабрланган фаластинлик болалар ва аёлларни Ўзбекистон шифохоналарида беғараз даволашга тайёр эканини билдирган эди. QALAMPIR.UZ эса бунинг учун мамлакат тиббиёт тизими қай даражада тайёр эканига қизиқди ва Соғлиқни сақлаш вазирининг болалар ва аёллар масалалари бўйича ўринбосари Элмира Боситхонова билан боғланди.
Унинг маълум қилишича, фаластинлик болаларни даволашга Ўзбекистоннинг имконияти етарли.
“Президент бу таклифни айтишидан олдин, аввало имконият билан танишиб чиққан бўлади. Ҳа, бизда уларни даволаш учун жойлар ҳам, мутахассислар ҳам етарли. Масалан, COVID-19 вақтида қурилган махсус шифохоналаримиз турибди. Аммо қанча миқдорда бемор келади, улар қандай тақсимланади, қанча мутахассис жалб қилинади, буларнинг бари махсус топшириқдан кейин аниқ бўлади. Агар ҳукумат томонидан топшириқ тушса, кейин махсус йўл харитаси ишлаб чиқилади”, деди Боситхонова.
Маълумот учун, Ғазодаги Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги баёнотига кўра, 7 октябрдан бери Исроил ҳужумлари оқибатида 43 603 киши, асосан аёллар ва болалар ҳалок бўлган. 102 929 нафар фаластинлик эса яраланган. Уларнинг катта қисмини аёллар ва болалар ташкил қилади.
Эслатиб ўтамиз, Мирзиёев Фаластин халқига амалий ёрдам кўрсатиш масалаларини келгуси йили Самарқандда ўтадиган “Кўрфаз араб давлатлари – Марказий Осиё” саммитида ҳам муҳокама қилинишини билдирганди.
LiveБарчаси