Фаластиндаги вайронадан 6 ёшли қизалоқ “мўъжизавий” равишда тирик топилди (видео)

Олам

0:00
0:00
download

Ғазода Исроил ракета зарбалари натижасида қулаган бино вайроналари остидан 6 ёшли қизалоқ Сюзи Эшкунтана тирик ҳолда чиқариб олинди. Бу ҳақда TRT рус хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, Сюзининг отаси Риёд Эшкунтана ҳам қутқариб олинган. Аммо оиланинг қолган 5 аъзоси – Сюзининг онаси ва 4 нафар ака-опалари эса ҳалок бўлишган.

Маълум бўлишича, ҳозирда қизалоқ отаси билан биргаликда шифохонага ётқизилган ва у ерда шифокорлар назоратига олинган.

Унинг отаси берган интервиюсида воқеа қандай бўлганлиги ҳақида гапирган.

“Менинг 5 нафар фарзандим бор эди, уч қиз ва икки ўғил. Биз рафиқам билан биргаликда уларни хавфсиз хонага жойлаштиргандик. Aгар ҳаво ҳужуми йўлнинг ёнида бўлса, унда уларнинг хонаси портлашлардан узоқроқ бўлади деб ўйлагандик”, деган Сузининг отаси.

Шунингдек у қизининг тирик қолганлигини кўриб жуда хурсанд бўлганлигини айтган.

“Тўғриси мен бир қизим тирик қолганлигини эшитиб, “Худога шукур” дедим. Чунки бу қизда халок бўлган барча болаларимни ҳам кўраман, унинг табассуми барча болаларимнинг табассумидир. Сабаби у уларнинг синглиси”, деган қизалоқнинг отаси.

Исроил-Фаластин можаросининг кескинлашиши

Жорий йилнинг 7 май – Рамазон ойининг охирги Жума куни, Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди атрофида тартибсизликлар бошланди. Бунга Исроил полицияси томонидан фаластинлик араблар таровеҳ намозини ўқиётган ушбу масжидга ҳужум қилингани сабаб бўлди. Бундан ташқари, Исроил суди Шайх Жарроҳ маҳалласида яшовчи араб оилаларини кўчириш тўғрисида қарор чиқарди. Чунки бу ерларга яҳудийлар даъво қилиб келади.

Шундан сўнг, Ғазони назорат қилувчи фаластинликларнинг ҲАМАС ҳаракати Исроилни огоҳлантирди: Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди ва Шайх Жарроҳ маҳалласидан аскарларни олиб чиқиб кетиш учун маҳаллий вақт билан соат 18:00 гача муддат қўйди.

Шарт бажарилмагач, 10 май куни ушбу ҳаракат Исроилнинг бир қатор шаҳарларини 45 та ракета билан ўққа тутди. Бироқ Исроилнинг ҳаво ҳужумига қарши “Темир гумбаз” мудофаа тизими ушбу 45 ракетанинг катта қисмини осмоннинг ўзида зарарсизлантирди. Баъзилари эса аҳоли яшаш пунктига тушди. Вақт ўтиши ва икки ўртадаги зиддият ортиб бориши билан бу сценарий кўп марта такрорланди. ҲАМАС ракета учираверди, Исроил унинг катта қисмини зарарсизлантириб, қарши ҳужум билан жавоб қайтараверди.

Исроил судининг биргина қарори ва масжидга қилинган ҳужум шундай шиддатли ҳарбий ҳаракатларни келтириб чиқарди. Оқибатда эса Ғазо секторида яшовчи 126 араб ҳалок бўлди, 1000 га яқин жароҳат олди.

Халқаро муносабат

Таъкидлаш жоизки, халқаро муносабатларнинг баъзи иштирокчилари ушбу масалада фақат тил учида муносабат билдирган бўлса, бошқалари Исроилни ҳатто террорда айблади.
Айниқса, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ушбу масалада фаол: бир қатор исломий давлатлар раҳбарлари билан Исроилнинг хатти-ҳаракатларини муҳокама қилди, Арманистонга қарши урушда Туркия Озарбайжонни қандай қўллаган бўлса, Исроилга қарши курашда Фаластинни ҳам шундай қўллашини маълум қилди.

Эрдўған Фаластин давлатининг инқрозига бугун тўхталаётгани йўқ. У аввалдан жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини ушбу мавзуга қаратиб келган. Жумладан, 2019 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 74-мажлисида Эрдўған нутқ сўзлаб, Исроилнинг Фаластинни бутунлай эгаллаб олаётгани, БМТ эса бунга томошабин бўлиб турганини қоралади. Ўшанда Эрдўған минбарга Исроил ва Фаластин тупроқлари акс этган харита билан чиққан. Ундаги тўрт суратда 1948 йил – Исроил давлати ташкил топгандан буён Фаластин ерларини қанчалик эгаллаб бораётгани тасвирланган эди.

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров эса Исроил расмийларининг Шарқий Қуддусдаги ҳарбий амалиётини “қонунбузарлик” деб атаб, улар содир бўлган воқеа учун фаластинликлардан кечирим сўраши кераклигини таъкидлади.

Қатор мусулмон давлатлар умумий равишда Исроил халқаро ҳуқуқ нормларини бузаётганини айтиб, норозилик билдирди. Уларнинг орасида Иордания, Покистон, Саудия Миср, Миср, Қатар, Баҳрайн ва БАА бор.

Кейинчалик, Эрон Президенти Ҳасан Руҳоний Исроилнинг Шарқий Қуддус ва Ғазодаги сўнгги ҳужумларига муносабат билдириб, Миср ва Иорданиянинг ҳаракатсизлигини танқид қилди. У Исроил ҳукуматини “қонхўр сионист” деб атади. Шунингдек, Эрон ҲАМАС ташкилотини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ваъда берди.

Исроилнинг “тутинган акаси” АҚШ эса ҳар икки томонни ҳам вазиятда айбдор деб, можарони тугатишга чақирди. Европа Иттифоқи эътиборини фаластинликларнинг ноқонуний кўчирилишига қаратди. Хитой эса бу вазиятда Фаластиннинг ёнидан жой олишини эълон қилди.

Марказий Осиё давлатларидан Қозоғистон Ал-Ақсо масжиди атрофидаги вазиятни ҳурмат қилишга, Ўзбекистон эса ушбу масжид дахлсизлигини таъминлашга чақирди.

Сардор Тўланбоев


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Misr Qatar HAMAS Bahrayn va BAA

Баҳолаганлар

115

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг