Фаластиндаги даҳшатли воқеаларга жим қараб тура олмаймиз — Зироат Мирзиёева
Жамият
−
16 Ноябрь 2023
8596Аввал хабар берганимиздек, кеча, 15 ноябрь куни Истанбул шаҳрида Туркиянинг биринчи хоними раислигида “Фаластин учун ягона юрак” саммити бўлиб ўтди. Унда қатор давлат ва ҳукумат раҳбарларининг рафиқалари, жумладан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг турмуш ўртоғи Зироат Мирзиёева иштирок этди.
Саммитда нутқ сўзлар экан, Ўзбекистоннинг Биринчи хоними Зироат Мирзиёева қуролли тўқнашувлар оқибатида барча қурбон бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия ва ҳамдардлик билдирди. Ғазода бир ойдан ортиқ вақт давом этаётган, минг-минглаб инсонлар, айниқса, бегуноҳ болалар, кексалар ва аёллар умрига зомин бўлаётган даҳшатли воқеаларни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмаслигини қайд этди.
"Минг афсуски, халқаро ҳамжамиятнинг кучли эътирози ва босимига қарамай, ҳалокат ва вайронагарчилик кўлами мисли кўрилмаган даражада ортиб, унинг охири сира кўринмаяпти. Натижада қуролли тўқнашувларга минтақадаги янги кучларнинг тортилиш эҳтимоли тобора кучаймоқда", дейди Ўзбекистоннинг Биринчи хоними.
Унинг қайд этишича, Ўзбекистон халқи Фаластиннинг тинч аҳолиси бошига тушган кулфат ва қайғу-аламларни юракдан ўтказмоқда.
Биринчи хоним ҳар икки томонни ҳам зудлик билан ўт очиш ва жанговар ҳаракатларни тўхтатишга, танг аҳволда қолган аҳолига гуманитар ёрдам етказиш учун имконият яратишга, низони фақатгина тинч, дипломатия йўли билан “икки халқ учун икки давлат” тамойили асосида ҳал этишга чақириб, Ўзбекистоннинг бу борадаги қатъий позициясини яна бир бор билдирди.
Ўзбекистон Фаластин халқи билан бирдам ва якдил экани, унинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти резолюцияларига мувофиқ ўз мустақил давлатини барпо этишга бўлган ҳуқуқини тўлиқ қўллаб-қувватлаши таъкидланди.
Саммит якунида давлат ва ҳукумат раҳбарлари рафиқаларининг Ғазо сектори бўйича йиғилиши Яхши ният декларацияси қабул қилинди.
LiveБарчаси