Фаластин Президентига суиқасд уюштирилди – ОАВ (видео)
Олам
−
08 Ноябрь 2023
19496Иордан дарёсининг ғарбий соҳилида Фаластин Президенти Маҳмуд Аббоснинг кортежига ҳужум уюштирилди. Бу ҳақда Туркиянинг “Sabah” ва “Miiliyet” нашрлари хабар берди.
Айтилишича, Маҳмуд Аббос жабрланмаган, у бутунлай соғлом ва Рамаллоҳдаги офисида ишламоқда. Журналистларнинг ёзишича, ҳужум оқибатида сиёсатчининг тансоқчиларидан бири ҳалок бўлган. Қайд этилишича, ҳужум учун жавобгарликни аввалроқ Маҳмуд Аббосни Исроилга уруш эълон қилишга чақирган “Абу Жандал ўғиллари” радикал гуруҳи ўз зиммасига олган.
“Sabah” нашрининг ёзишича, Маҳмуд Аббоснинг кортежи Тошкент вақти билан тахминан 20:30 да ҳужумга учраган. Туркия оммавий ахборот воситалари сиёсатчи кортежига ҳужум уюштирилгани тахмин қилинаётган лаҳзани акс эттирувчи видеони чоп этмоқда. Кадрларда Фаластин Президентининг соқчиларидан бири дейилаётган шахс ўқ узилганидан кейин қандай қилиб ерга қулагани кўрсатилган. Ҳодисанинг бошқа тафсилотлари ошкор этилмаган.
Фаластин Президенти маъмуриятининг тушунтиришича, Аббоснинг машинаси ўққа тутилган автомобиллар орасида бўлмаган ва чоп этилган видео Иордан дарёсининг ғарбий соҳилидаги қочқинлар лагеридаги отишма билан боғлиқ.
Қайд этиш жоизки, ҳужумдан бир кун олдин (6 ноябрда) “Абу Жандал ўғиллари” гуруҳи вакиллари Аббосга “Ғазога ёрдам бериш учун Исроилга ҳужум қилиш”ни талаб қилиб, 24 соатлик ультиматум қўйган.
Маълумот учун, Маҳмуд Аббос 2013 йилдан бери Фаластин Президенти саналади. Сиёсатчи Фаластин миллий озодлик ҳаракати (FATH) етакчиси ҳисобланади. Шу билан бирга, FATH Ғазо сектори ҳудудини бошқармайди, 2007 йилдан буён анклав ҲАМАС томонидан назорат қилинади.
LiveБарчаси