Фаластин Колумбия Президентини мукофотлади
Олам
−
04 Июнь
5039Колумбия Президенти Густаво Петро Фаластиндаги уруш масаласида Фаластин томонга хайрихоҳлик билдиргани учун мукофотланди. Бу ҳақда “Анадолу” агентлиги хабар берди.
Боготада бўлиб ўтган маросимда Петро билан бирга Колумбия Ташқи ишлар вазири Луис Гильберто Мурильо ва Фаластин Ташқи ишлар вазири Риёд ал-Маликий иштирок этди. Маликий “Фаластинга қилинаётган адолатсизликлар ҳақида дунёни хабардор этгани учун” Густаво Петрога миннатдорлик билдирди.
Ўз навбатида, Колумбия Президенти ҳам Фаластин халқи ва Ташқи ишлар вазирига билдирилган ишонч учун миннатдорлик изҳор этди.
“Ҳаётим давомида мен кўплаб медаллар ва давлат мукофотларига сазовор бўлганман, лекин айтишим мумкинки, ҳаётимдаги энг қиммат медаль айнан ҳозир берилди. Биз ҳозир бошдан кечираётган даҳшат жаҳон тарихида нимани англатади? Биз кўраётган воқеалар шунчаки навбатдаги воқеа эмас, булар қўрқинчли, аммо умидга тўла бўлиши керак бўлган янги дунёнинг белгиларидир”, дейди у.
“Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос халқимиз номидан сизга энг нуфузли медални топширишга қарор қилди. Замон бизни зулматнинг энг даҳшатли даврларидан бирида яшашга мажбур қилмоқда. Фаластинни ҳимоя қилишдаги овозингиз умид ва ҳаёт овозига айланди. Сиз айтганингиздек, агар Фаластин ўлса, инсоният ўлади.Фаластин ҳам, инсоният ҳам ҳалок бўлмаслиги учун қилган жасоратли саъй-ҳаракатларингиз учун миннатдорман”, дея таъкидлайди Фаластин Ташқи ишлар вазири.
Маълумот учун, 3 май куни Колумбия ҳукумати Исроил элчисини Ғазо секторида давом этаётган ҳужумлар туфайли дипломатик муносабатлар узилгани ҳақида расман хабардор қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Колумбия Президенти Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Ғазо секторида геноцид содир этган шахс сифатида тарихга киришини айтганди. Шунингдек, у БМТни Ғазо секторига тинчликпарвар кучларни юбориш учун аниқ чора кўришга чақирганди.
Моҳира Эшпўлатова