Фаластин Хониянинг ўлими учун Исроил жавобгарликка тортилишини талаб қилмоқда

Олам

image

Фаластиннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги доимий вакили Риёд Мансур Исроилдан Исмоил Хония ўлими учун жавобгарликка тортилишини талаб қилди. Бу ҳақда Фаластиннинг WAFA расмий ахборот агентлиги хабар берди. 

Фаластиннинг БМТдаги доимий вакили Мансур БМТ Бош котиби Антониу Гутерришга, шунингдек, БМТ Бош Ассамблеяси раиси Денис Френцис ва БМТ Хавфсизлик Кенгашига раислик қилувчи Россия вакили Василий Небензя мактуб йўллаган. Мансур ўз мактубида Исроил БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияларини қўпол равишда бузган ҳолда Фаластин халқига қарши “ўзбошимчалик билан уруш” олиб бораётганини айтди.

“Исроил 300 кундан бери Ғазо секторида Фаластин халқига қарши геноцид уруши олиб бормоқда. Ғазода ҳалок бўлган болалар, аёллар ва кекса фаластинликлардан ташқари, гуманитар ва соғлиқни сақлаш соҳаларида фаолият юритаётган кўнгиллилар ва журналистлар сони ортиб бормоқда”, дейилади хабарда.

Унинг сўзларига кўра, Исроил армияси Ғазо секторидаги уйлар ва турар-жойларни бомбардимон қилишда давом этмоқда, шунингдек, Ғазодан ўғирлаб кетилган тинч аҳолини Исроил қамоқхоналарида ҳар хил қийноқ ва ҳақоратларга дучор қилмоқда. Мансурнинг таъкидлашича, бу давр мобайнида Исроил ишғол қилинган Ғарбий Соҳилда ва Шарқий Қуддусда ҳам армияси, ҳам "яҳудий кўчманчилар" томонидан фаластинликларга қарши шафқатсиз ҳужумларини давом эттирган.

Сиёсатчи Тель-Авив маъмуриятининг Ғарбий Соҳил ва Қуддусдаги фаластинликларнинг уйларини ҳам бузиб, уларнинг ерларида "янги турар-жой лойиҳалари"ни амалга оширганини қайд этди. Унинг таъкидлашича, Исроилнинг кенг қамровли ҳужумлари Ғарбий Соҳил ва Қуддусдаги фаластинликларни ички кўчишга мажбур қилган. 

“Хониянинг ўлдирилиши Эрон суверенитетини очиқдан-очиқ бузишдир. Исроил армияси Ливан ва Сурия ҳудудларида шунга ўхшаш қоидабузарликларни бир неча бор такрорлаган”, деб эслади у.

Фаластин вакили Хониянинг ва Ғазода 130 мингдан ортиқ фаластинликнинг шафқатсизларча ўлдирилиши ва яраланиши учун Исроилнинг жавобгарликка тортилишини талаб қилди ва Исроилнинг Ғазога деярли 10 ойдан бери давом этаётган ҳужумларини тўхтатишга чақирди. Риёд Мансур Исроилни минтақани беқарорлаштириш ва Яқин Шарқни кенг қамровли урушга тортишга уринаётганликда айблади.


Мақола муаллифи

Теглар

Фаластин Исмоил Хония

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг