Facebook вакили Мирзиёевга миннатдорлик билдирди
Технология
−
01 Декабрь 2021
10636“Facebook” компанияси Ўзбекистонда давлат органлари очиқлиги ва сўз эркинлиги таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни олқишлайди. Компания мамлакатда ижтимоий тармоқлар фаолияти узлуксиз фаолияти юритиши учун қўшган шахсий ҳиссаси учун Президент Шавкат Мирзиёевдан миннатдор. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобовнинг Facebook компаниясининг маҳсулот сиёсати ва стратегик директори Энди О'Коннелл билан учрашувида сўз борган.
“Дунё” ахборот агентлигининг ёзишича, учрашувда Америка томонига Ўзбекистон ҳукумати томонидан фаол тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, инновацион ғоялар ва технологияларни жорий этиш, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, аҳоли турмуш даражаси ва фаровонлигини барқарор ўсишига ҳисса қўшиш, ахборот технологияларини жадал ривожлантириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида батафсил маълумот берилган.
Музокаралар чоғида интернет маконида, хусусан, “Facebook”, “Instagram” va “WhatsApp” платформалари орқали зўравон экстремизм ва радикаллашувнинг олдини олиш бўйича томонларнинг ўзаро ҳамкорлигини такомиллаштириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилган. Бу борада ёшларнинг зўравон экстремизм ғоялари тарғиботига иммунитетини ошириш, хорижда яшаб, меҳнат қилаётган фуқароларнинг экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолишининг ўз вақтида олдини олиш Ўзбекистон ҳукуматининг устувор вазифалари эканлиги алоҳида таъкидланган..
“Facebook” вакили республикада давлат органларининг очиқлиги ва сўз эркинлигини таъминлаш борасида республикада амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади. Энди О'Коннелл таъкидлаганидек, Америка компанияси “Facebook” платформаси ва мамлакатдаги бошқа интернет тармоқларининг узлуксиз ишлашини таъминлашга қўшган шахсий ҳиссаси учун Президент Шавкат Мирзиёевдан миннатдор.
Унинг фикрича, ҳозирги вақтда ижтимоий тармоқлар нафақат одамлар ўртасидаги мулоқот воситаси, балки ҳар бир жамиятдаги долзарб муаммоларни тез аниқлаш учун жуда самарали каналдир. Энди О'Коннелл таъкидладики, бу борада Ўзбекистон интернет маконидаги янги динамика ва ҳукумат томонидан долзарб муаммоларни ҳал этишга қаратилаётган катта эътибор жуда самарали ва асосли ёндашувдир.
“Facebook” раҳбарияти Ўзбекистон томонининг экстремистик ғоянинг ҳар қандай манбалари ва террорчи гуруҳларни онлайн ёллаш тармоқларини ўз вақтида бартараф этиш бўйича компания билан яқиндан ҳамкорлик қилиш истагини тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Энди О'Коннелл таъкидлаганидек, Meta Platforms, Inc. ва унинг “Facebook” бўлими томонларнинг ушбу йўналишдаги фаол ўзаро ҳамкорлигини олқишлайди.
Бундан ташқари, “Facebook” вакили иқтидорли ИТ-мутахассисларни тайёрлашда ёрдам беришга, Ўзбекистон вакилларини компания бош офисида қабул қилишга тайёрлигини билдирди. Музокаралар чоғида таъкидланганидек, Ўзбекистондаги ҳар бир қизиқувчи талаба Америка компаниясининг веб-сайтида (https: //www. facebookcareers. com/students-and-grads/) махсус яратилган веб-саҳифа орқали амалиёт ўташ учун ариза топшириши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 28 октябрда номи “Meta” деб ўзгартирилган “Facebook” компаниясига 2004 йилда асос солинган. Унинг бугунги кундаги бозор қиймати қарийб 1 триллион долларга тенг. “Meta” компанияси “Facebook”, “Instagram”, “WhatsApp” каби ижтимоий тармоқларни ўз ичига олади. Бугунги кунда компания нафақат ижтимоий тармоқларни ривожлантириш, балки одамларнинг кундалик фаолиятида виртуал ҳақиқат технологияларидан фойдаланишни кенгайтириш билан ҳам шуғулланади. Компаниянинг 2020 йилда йиллик даромади 29,1 миллиард долларни ташкил этган.
LiveБарчаси