Ёз-ёзлар ортидан Бош вазир Арипов киночилар билан учрашди

Маданият-санъат

image

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов мамлакат кино соҳаси ижодкорлари билан учрашди. Унда жорий йилнинг апрель ойидан буён “Ўзбеккино” миллий агентлиги директори Фирдавс Абдухолиқов устидан Ҳукуматга ва Президент қабулхонасига ёзилаётган аризалар, уларда кўтарилган масалалар муҳокама қилинган. 

Учрашувда Бош вазир Абдулла Арипов Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил август ойида Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувда ҳукумат олдига қўйган қатор вазифалар ижроси бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида қисқача маълумот берган. 

Унда сўнгги йилларда миллий кинематография ривожига давлат томонидан қаратилаётган катта эътибор натижасида соҳада муайян ютуқларга эришилгани, мазмун ва шакл жиҳатидан ранг-баранг кино асарлар яратилиб, улар томошабинлар эътиборини қозонгани қайд этилган.

Шу билан бирга, соҳада ўз ечимини кутаётган муаммолар ҳам борлиги, яъни муайян киностудияларнинг моддий-техника базаси жисмоний ва маънавий жиҳатдан эскиргани, кинофильмларни молиялаштириш тизимининг бугунги кун талабларига жавоб бермаслиги, кинотеатрлар ва малакали кадрлар етишмаслиги, яратилган фильмлар тарғиботи суст кечаётгани таъкидланган. 

Ҳукумат раиси кино санъати инсон савияси юксалишида муҳим роль ўйнашини, шунинг учун сонга эмас сифатга эътибор қаратиб, ғояси ва тарбиявий аҳамияти юқори бўлган бадиий фильм ва сериаллар яратиш лозимлигини билдирган.

Шунингдек, жамиятда халқимиз, аввало, ёшлар онгига миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат, она Ватанга муҳаббат туйғуларини сингдиришда катта таъсир кучига эга бўлган кино санъатининг ролини ошириш бугунги куннинг талаби эканини қайд этган. 

Учрашувда киноижодкорлар ижодий фаолияти давомида дуч келаётган айрим муаммоларни ҳал этиш юзасидан амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган.

Учрашувда кейинги вақтларда ғоя ва савия жиҳатдан саёз фильм ва сериаллар нисбатан кўпайгани, уларда адабий тил қоидаларига айтарли риоя қилинмаётгани, кинотеатрлар суст фаолият юритаётгани, дубляж санъати ривожига эътибор йўқолгани, мультипликацион ва анимацион фильмлар яратиш талаб даражасида эмаслиги, фильмларнинг тарғиботи айтарли йўлга қўйилмагани таъкидланган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Абдулла Арипов

Баҳолаганлар

244

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг