Андижонда шифокор калтакланди

Жамият

image

Андижон вилояти, Асака туманида тиббий ёрдам фельдшери калтакланди ва тез тиббий ёрдам автомашинасига зарар етказилди. Бу Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Жорий йил 6 сентябрь куни кечки пайт соат 20.00 атрофида Андижон вилояти Асака туман тиббиёт бирлашмасининг Тез тиббий ёрдам бўлимига қарашли “Шарқ ҳақиқати” шохобчасига оғир жароҳат олган беморни олиб келишган.

Дастлабки маълумотларга қараганда, шифокорлар беморга зудлик билан биринчи ёрдамни кўрсатган. Тиббий кўрик пайтида беморга ўзгалар томонидан тан жароҳати етказилганига ишонч ҳосил қилган тиббиёт ходимлари хизмат вазифасидан келиб чиққан ҳолда, туман ички ишлар бўлимига хабар бермоқчи бўлишганида беморни олиб келган фуқаро С.Н. тез тиббий ёрдам фельдшери Б.Гадоевнинг бурнига боши билан зарба берган ва калтаклай бошлаган. Бундан ташқари, фуқаро С.Н. шифокорни калтаклаш билан қаноатланмай ҳовлида турган тез тиббий ёрдам автомашинасига ҳам зиён етказган.

Сўнгра, ушбу ҳолат ҳақида туман ички ишлар бўлимига хабар берилган. Шундан сўнг, маълум вақт ўтиб ички ишлар ходимлари воқеа жойига етиб келган.

Жароҳат олган фельдшер эса туман шошилинч тиббий ёрдам бўлимига олиб борилган. Бўлимда унга “Бурун суяги ёпиқ синиши. Чап тирсак, тизза бўғимининг юмшоқ тўқималари лат ейиши. Пастки жағ чап соҳасининг йиртилиши ва юмшоқ тўқималарининг лат ейиши” ташхиси билан шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилган. Ҳозирги вақтда Б. Гадоев Асака туман шошилинч тиббий ёрдам бўлимида даволанмоқда.

Айни пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тергов олди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

шифокор Асака

Баҳолаганлар

110

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг