“Эски дўстлар”. Путин ва Си Пекинда нималарни гаплашди? (видео)

Олам

image

Бугун, 20 май куни Пекинда Хитой Раиси Си Цзиньпин ва Россия Президенти Владимир Путин ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Музокараларнинг биринчи қисми Тяньаньмэнь майдонидаги Халқ йиғинлари саройида тор доирада ўтказилди ва тахминан бир ярим соат давом этди. Бу ҳақда Кремль хабар берди.

“Жаноб Президент Путин, эски дўстим, сизни Хитойдаги расмий ташрифингиз билан қутлайман. Узоқ йиллар давомида биз сиз билан яқин алоқаларни сақлаб келмоқдамиз, биргаликда янги даврда Хитой–Россия муносабатлари, кенг қамровли шериклик ва стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда самарали ривожлантириш йўналишларини белгилаб келяпмиз”, дейди Си Цзиньпин ўз нутқининг аввалида.

Хитой раҳбарининг таъкидлашича, икки давлат ўртасидаги муносабатлар ўзаро ҳурмат, адолат ва манфаатли ҳамкорлик асосида қурилмоқда ва бу мураккаб дунёда барқарорлик ҳамда узвийликни таъминламоқда. Унинг эслатишича, 2026 йилда Хитой ва Россия ўртасидаги шериклик ва стратегик ҳамкорлик ўрнатилганига 30 йил, “Қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида”ги шартнома имзоланганига эса 25 йил тўлади.

“Хитой–Россия муносабатлари босқичма-босқич бугунги юқори даражага чиқди. Бу сиёсий ўзаро ишончни чуқурлаштириш, стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш, кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантириш ва халқаро адолатни ҳимоя қилиш йўлидаги қатъий ирода туфайли амалга ошди”, деб айтган Си.

Унинг сўзларига кўра, халқаро вазият мураккаблашиб, бир томонлама ёндашув ва устунликка интилиш кучайган бўлса-да, тинчлик ва ҳамкорликка интилиш халқларнинг асосий хоҳиши бўлиб қолган. Си Цзиньпин Хитой ва Россия Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг доимий аъзолари сифатида янада адолатли ва оқилона глобал бошқарув тизимини барпо этиши кераклигини таъкидлаган.

Путин эса нутқини хитой мақоли билан бошлаган.

“Бир кун кўришмасанг, гўё уч куз ўтгандек бўлади. Биз ҳақиқатан ҳам сизни кўрганимиздан жуда хурсандмиз. Биз доим бир-биримиз билан алоқада бўлиб турамиз – шахсан ҳам, ёрдамчиларимиз орқали ҳам. Ўтган йили шу ерда Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 80 йиллигини биргаликда нишонлаганимиз яхши эсимизда”, дейди Россия Президенти.

Путин ҳам “Қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик шартномаси”нинг 25 йиллигини тилга олган ва Россия ҳамда Хитой муносабатлари “мисли кўрилмаган даражада юқори босқичга” чиққанини айтган.

“Бежиз делегациямизнинг асосий қисмини Россия ҳукумати аъзолари, бизнес раҳбарлари ва жамоатчилик ҳамда таълим ташкилотлари вакиллари ташкил этмаяпти”, деб таъкидлаган у.

Россия Президенти тор доирадаги музокараларда иқтисодий мавзулар муҳокама қилинишини билдирган. Унинг айтишича, 25 йил ичида Россия ва Хитой ўртасидаги савдо айланмаси 30 баравардан зиёд ўсган ва бир неча йилдан бери 200 миллиард доллардан ошиб келмоқда. Путинга кўра, ҳамкорликнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи энергетика соҳаси бўлиб қолмоқда.

“Яқин Шарқдаги инқироз шароитида Россия ҳали ҳам ишончли ресурс етказиб берувчи, Хитой эса ушбу ресурсларнинг масъулиятли истеъмолчиси бўлиб қолмоқда”, деган Путин.

Россия етакчиси саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва юқори технологиялар соҳасидаги қўшма лойиҳаларни устувор вазифалар қаторига киритган. Шунингдек, у туризм соҳаси ва 2025 йилда жорий этилган ўзаро визасиз тартибни алоҳида таъкидлаб, бу амалиёт давом эттирилишини айтган.

Путин ҳам Си Цзиньпин каби Россия ва Хитой ташқи сиёсий ҳамкорлигини дунёдаги асосий барқарорлаштирувчи омиллардан бири деб атаган. Унинг фикрича, кўп марказли дунё шаклланиши жараёнида Москва ва Пекин маданий ва цивилизацион хилма-хилликни ҳамда давлатларнинг мустақил ривожланиш ҳуқуқини ҳимоя қилмоқда.

Си Цзиньпин мураккаб халқаро вазият шароитида Хитой ва Россия тенглик ҳамда ўзаро ҳурмат тамойиллари асосида кенг қамровли шериклик ва стратегик ҳамкорлик муносабатларини ривожлантираётганини билдирган. У сиёсий ўзаро ишончнинг чуқурлашиши, савдо, иқтисодиёт, сармоя, энергетика, фан ва техника соҳаларида ҳамкорлик кучайганини таъкидлаган.

“Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар янада самарали ва тез ривожланишнинг янги босқичига чиқди. Хитой–Россия муносабатларини узоқ муддатли, барқарор ва юқори сифатли ривожлантириш – бу мен ва Президент Путин томонидан икки мамлакат манфаатлари ҳамда глобал тараққиёт йўналишларидан келиб чиққан ҳолда қабул қилинган стратегик танловдир”, – деб айтган Си ўз нутқида.

Хитой раҳбари томонлар “Қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида”ги шартномани узайтиришни маъқуллаганини ҳамда эришилган келишувларни тўлиқ амалга ошириш ниятида эканини айтган.

Путин Си Цзиньпинга ва “барча хитойлик дўстларга” таклиф ҳамда меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирган. Унинг сўзларига кўра, аввалги тор доирадаги музокаралар мазмунли ва анъанавий дўстона руҳда ўтган. Президент Россия ва Хитой ўртасидаги кенг қамровли шериклик ҳамда стратегик ҳамкорликни замонавий дунёда давлатлараро муносабатларнинг намунаси деб атаган.

“Қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги асосий шартнома имзоланганидан буён ўтган 25 йил ичида Россия–Хитой ҳамкорлиги сезиларли даражада кенгайди”, деган Россия раҳбари.

Нутқи якунида Путин Си Цзиньпинни 2027 йилда Россияга ташриф билан боришга таклиф қилган. Шундан сўнг музокаралар кенгайтирилган таркибда давом этган ва икки мамлакат делегациялари ҳам учрашувга қўшилган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Президенти Путин ва Хитой Раиси Си Цзиньпин ўртасида ташриф доирасидаги музокаралар бошлангани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Хитой Путин Си Цзиньпин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг