Эртага Мирзиёев Туркманистон ва Тожикистон Президентлари билан учрашади
Жамият
−
03 Август 2023
7123Эртага, 4 август куни Туркманистон пойтахти Ашхободда Президентлар Шавкат Мирзиёев, Имомали Раҳмон ва Сердар Бердимуҳамедовнинг учрашуви бўлиб ўтади. Бу ҳақда “Нейтральный Туркменистан” расмий газетаси хабар берди.
Туркманистон иқтисодчилар иттифоқи раиси Юрий Аронскийнинг сўзларига кўра, йиғилишда уч давлат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, уларнинг соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, таълим ва фан соҳаларида ҳамкорлиги кўриб чиқилиши мумкин.
“Шунингдек, транспорт йўлакларини, биринчи навбатда, темир йўлларни янада ривожлантириш, мамлакатлар ўртасидаги савдо тартиб-таомилларини енгиллаштириш масалаларини кўриб чиқиш, хусусан, контейнер ташувининг ўтказувчанлиги ва ҳажмини ошириш, юкларни ташиш ва сақлаш бўйича қўшма терминаллар яратиш ҳақида гап кетиши мумкин”, дейди Юрий Аронский.
Туркманистон-Ўзбекистон ҳамкорлиги нуқтаи назаридан Амударё орқали ўтган автомобиль ва темир йўл кўприклари муҳим роль ўйнайди. Улар Осиё-Тинч океани минтақаси ва Жанубий Осиё давлатларидан Каспий денгизига, сўнгра Қора денгиз ва Ўрта ер денгизи минтақаларига, Европа, Кавказ ва Яқин Шарқ мамлакатларига юк оқимлари учун тўғридан-тўғри чиқиш йўлини очади.
Туркманистон-Тожикистон муносабатларида эса транспорт, сув энергетикаси ва экологик соҳалардаги ўзаро ҳамкорлик муҳим ўрин тутади. Икки давлатнинг саъй-ҳаракатлари Осиё, Европа ва Яқин Шарқ транспорт тизимларини бирлаштиришни таъминлайдиган кучли ва замонавий инфратузилмани яратишга қаратилган. Оролни қутқариш халқаро жамғармаси фаолиятини такомиллаштиришга катта эътибор қаратилмоқда.
Манбада айтилишича, Туркманистонда Ашхобод-Туркманобод тезюрар автомобиль йўли қурилиши давом этмоқда. Бу йўл Ашхобод-Туркманбоши автомагистрали билан туташтирилгандан сўнг Туркманбоши денгиз портига тўғридан-тўғри чиқиш мумкин бўлади. Бу Марказий Осиёнинг транзит имкониятларини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариши, жаҳон бозорларига чиқишни кенгайтириши, инвестициялар оқимини таъминлаши ва иқтисодий ўсиш учун янги шарт-шароитлар яратиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги август ойида Ашхободда Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон Президентларининг саммити бўлиб ўтишини маълум қилганди. Саммит олдидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Тожикистон ва туркманистонлик мавқедошлари Сирожиддин Муҳриддин ҳамда Рашид Мамедов билан видеоконференцалоқа шаклида музокара ўтказганди. Унда Ашхободда бўлиб ўтадиган саммитга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш масалалари муҳокама қилинганди.