Эртадан ниқобсиз юрганлар жавобгарликка тортилади
Жамият
−
24 Март 2020
11254Хабирингиз бор, Ўзбекистонда коронавирус инфекциясининг оммавий тарқалишининг олдини олиш мақсадида жорий йилнинг 23 мартидан эътиборан бир қатор чекловлар ўрнатилган эди.
Унга кўра, 23 мартдан Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказларида, жамоат жойларида шахсий ҳимоя воситалари (ниқоб)сиз бўлган шахсларга “огоҳлантириш” берилди.
25 март куни соат 6:00 дан бошлаб ушбу ҳолат қайд этилса – базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари миқдорида, мазкур ҳолат яна қайтариладиган бўлса – базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баробари миқдорида жарима қўлланилади. Буни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари Азиз Икромов ҳам тасдиқлади.
"25 март соат 06:00 дан барча кўчада юрган фуқароларимиз ниқоб билан юриши шарт. Ким шу талабни бажармаса, биз, албатта, уларни маъмурий жавобгарликка тортамиз. Кейинги бажармаган фуқароларимизни жиноий жавобгарликка ҳам тортамиз. Бу алоҳида қонунда белгиланган. Барча фуқароларимиз буни билиши шарт", дейди Икромов.
Маълумот ўрнида, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалиши шароитида жамоат жойларида ниқобсиз юриш базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.