Эронлик таниқли режиссёр фильми сабаб 8 йилга қамалди
Маданият-санъат
−
09 Май
12253Эронлик маҳоратли режиссёр Муҳаммад Расулоф суратга олган фильми сабаб саккиз йиллик қамоқ, қамчи ва жарима жазосига ҳукм қилинди. Шунингдек, унинг мулки мусодара қилинган. Бу ҳақда режиссёрнинг адвокати Бабак Пакния ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
Қайд этилишича, Расулофнинг “Муқаддас анжир уруғи” фильми Канн кинофестивалида иштирок этиш учун танланган. Аммо у мамлакат хавфсизлигига таҳдид солувчи жиноятлар содир этишни акс эттирувчи ҳужжатли фильмлар ишлагани сабаб ҳибсга олинган.
Адвокатнинг сўзларига кўра, дастлаб суратга олиш гуруҳи, актёрлар ва режиссёр сўроққа чақирилган ва уларнинг мамлакатдан чиқиб кетиш тақиқланган. Шундан сўнг, улар лицензиясиз суратга олишда, шунингдек, актрисалар нотўғри ҳижоб кийганликда айбланган.
Бу режиссёрнинг биринчи марта бундай айбловлар билан қўлга олиниши эмас. У 2010 йилда рухсатсиз суратга олганликда айбланиб, ҳибсга олинган. Аввалига у олти йилга озодликдан маҳрум қилинган, бироқ кейинроқ жазо бир йилга қисқартирилган.
2017 йилда Расулофга мамлакатдан чиқиш тақиқланган. 2022 йилдан 2023 йилгача ҳукуматни қоралаган изоҳлари учун қамоққа олинган, бироқ соғлиғи билан боғлиқ муаммолар туфайли муддатидан олдин озод этилганди.
Маълумот учун, Муҳаммад Расулоф кино соҳасидаги кўплаб мукофотлар лауреати ва совриндори ҳисобланади. Жумладан, 2020 йилда у “Ёвузлик мавжуд эмас” асари учун Берлин кинофестивалининг “Олтин айиқ” мукофотини қўлга киритган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эронда “номақбул” ҳижоб кийгани сабаб ҳибсга олинган ва ўлдирилган 22 ёшли Маҳса Амини ҳақида ёзган мақоласи сабаб 2 нафар журналист қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.
LiveБарчаси