Эронда президентликка номзодлар эълон қилинди
Олам
−
10 Июнь
11524Эронда мамлакатнинг собиқ раҳбари Иброҳим Раисий вафоти муносабати билан навбатдан ташқари сайловларда президентликка номзодлар учун квалификация якунланди ва номзодлар тасдиқланди. Бу ҳақда сайлов штабининг матбуот котиби Муҳсин Исломий маълум қилди.
Унинг билдиришича, 20 га яқин номзод бўлиб, шулардан олти нафар номзод тасдиқланган. Булар:
- Ички ишлар вазирлиги ва Адлия вазирлигининг собиқ раҳбари Мустафо Пурмуҳаммадий (2013 йилги сайловларда номзодини қайтариб олган);
- Эрон олий раҳбарининг Миллий хавфсизлик олий кенгашидаги вакили Саид Жалилий;
- амалдаги парламент спикери Муҳаммад Бағэр Ғолибаф (уч марта сайловда қатнашган – 2005 йилда тўртинчи ўринни эгаллаган, 2013 йилда – иккинчи, 2017 йилда у ўз номзодини қайтариб олган);
- Теҳрон мери Алиризо Заканий (2013 ва 2017 йилларда саралашдан ўта олмаган, 2021 йилда Раисий фойдасига ўз номзодини қайтариб олган);
- Эроннинг собиқ соғлиқни сақлаш ва тиббий таълим вазири ва парламент аъзоси Масъуд Пезешкиён;
- Шаҳидлар ва фахрийлар ишлари бўйича жамғарма раҳбари, Эрон парламенти раисининг собиқ биринчи ўринбосари Амир Ҳусайн Ғозизода Ҳошимий.
Исломийнинг қўшимча қилишича, номзодлар эълон қилинганидан кейин сайловолди ташвиқот ишлари бошланади. У сайловлар арафасида, 27 июнда якунланади.
Эрон президентлигига номзод сифатида рўйхатдан ўтган биринчи аёл, Эрон парламентининг собиқ аъзоси Зоҳре Элахиан ўз номзодини қайтариб олганини маълум қилди. Шунингдек, Эроннинг собиқ президенти Маҳмуд Аҳмадинажод (мамлакатни 2005–2013 йилларда бошқарган) ҳам танловдан ўта олмади. Унга учинчи бор сайловда қатнашиш ҳуқуқи берилмади.
LiveБарчаси