Эрон Европа Иттифоқидан ўч олдими?
Олам
−
25 Январь 2023
12021Аввал хабар берганимиздек, Эрон ўзига қарши санкция киритгани учун Буюк Британия ва Европа Иттифоқига қарши чора кўришини билдирган эди.
Ушбу жавоб чораси бугун, 25 январь куни Европа Иттифоқи ва Буюк Британиядан 30 нафар шахс ва 4 ташкилотга Эрон томонидан санкциялар киритилиши билан амалга оширилди.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотига кўра, Европа Иттифоқи давлатларидан 22 нафар шахс ва 3 та ташкилотга, шунингдек, Буюк Британиядан 8 нафар жисмоний шахс ва 1 та ташкилотга санкция киритилган.
Эрон томонидан санкция киритилганлар орасида Париж мери Анн Идальго, Франциянинг “Шарли эбдо” сатирик журнали бош муҳаррири Жерар Биард ва нашр директори Лоран Сурисо, бир қатор Европарламент депутатлари, шунингдек, Туркиянинг Стокголмдаги элчихонаси олдида Қуръонни ёқиб юборган “Stram Kurs” (“Қаттиқ келишув”) партияси етакчиси Расмус Палу ҳам бор. Санкция киритилган ташкилотлар эса Париждаги яҳудийлар жамияти радиостансияси (Radio J) ва Ироқда кимёвий қурол ишлаб чиқарувчи заводлар қурилишида иштирок этганликда айбланган Германиянинг “Heberger” қурилиш компанияси ҳисобланади.
Британия томонидан эса Англия ва Уелс Бош прокурори Виктория Прентис ва унинг ўринбосари Майкл Томлинсон, шунингдек, Британия разведкасининг собиқ раҳбари Ричард Дирлов, MI6 собиқ бош директори Алекс Янгер ва Буюк Британия Бош штабининг ҳозирги раҳбари Патрик Сандерсларга санкция киритилган. Бундан ташқари, Теҳрон халқаро сиёсатни ўрганувчи “Генри Жексон” жамиятига ҳам санкциялар киритган.
Қайд этилишича, Теҳроннинг санкциялар рўйхатига киритилган жисмоний ва юридик шахслар терроризмни қўллаб-қувватлаш, терактлар уюштириш ва Эрон халқига қарши зўравонлик ҳаракатларини рағбатлантириш, шунингдек, Эроннинг ички ишларига аралашиш ва ёлғон маълумот тарқатишда айбланмоқда. Санкциялар остида қолганларнинг Ислом Республикаси ҳудудига кириши тақиқланади, уларнинг Эрон банкларидаги банк ҳисоблари блокланади, Эрон юрисдикциясидаги мулклари мусодара қилинади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 23 январида Европа Иттифоқи Эронда инсон ҳуқуқлари бузилиши кузатилгани учун санкцияларнинг тўртинчи босқичини қабул қилган эди. Қора рўйхатга 18 та жисмоний ва 19 та юридик шахс, жумладан, Инқилобий Гвардия киритилган эди. Шу куннинг ўзида Буюк Британия ҳам Эронга қарши ўз санкцияларини кенгайтириб, қора рўйхатга Басиж жангарилари ва бир қатор эронлик ҳарбий хизматчиларни ҳам қўшган эди.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь