Эрон ядро дастури бўйича келишувдаги муаммоли талабидан воз кечди – ОАВ

Олам

image

Эрон ядровий келишувни (Қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режаси ) қайта тиклаш бўйича музокаралар доирасида Ислом инқилоби посбонлари корпусини (ИИПК) АҚШдаги террорчилик ташкилотлари рўйхатидан олиб ташлаш талабидан воз кечди. Бу ҳақда CNN АҚШ маъмуриятидаги юқори лавозимли амалдорга таяниб хабар берди.

Телеканалнинг таъкидлашича, Эрон томонининг бу талаби ядровий келишувни тиклаш ҳаракатларида асосий тўсиқ бўлаётганди.

Оқ уй вакилининг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи томонидан таклиф этилган ядровий келишув лойиҳасига жавобан Эрон ИИПКни АҚШдаги террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқаришни талаб қилмаган.

Жорий йилнинг 15 август куни Эрон Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррелга ядровий битимни тиклаш бўйича келишув лойиҳасининг таклиф қилинган матнига ўз жавобини жўнатди, шунингдек, музокаралардаги “қолган масалалар” бўйича ўз фикрини билдирди. “Bloomberg” хабарига кўра, ЕИ жавобни конструктив деб атаган ва кейинги қадамлар бўйича АҚШ билан маслаҳатлашаётганини билдирган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг беш доимий аъзоси ва Германия 2015 йилда Эрон билан ядровий дастур бўйича инқирозни ҳал қилиш учун ядровий келишувга эришган эди. АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трамп 2018 йилда ушбу келишувдан чиқишга қарор қилган. Америка маъмуриятининг амалдаги раҳбари Жо Байден бир неча бор АҚШни ядровий келишувга қайтаришга тайёрлигини билдирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон ядро дастури

Баҳолаганлар

140

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг