Эрон вице-президенти 10 кун ичида истеъфога чиқди
Олам
−
12 Август
6303Эроннинг стратегик масалалар бўйича вице-президенти Муҳаммад Жавод Зариф тайинланганидан атиги 10 кун ўтиб, истеъфога чиқди. Бу ҳақда АBC нашри хабар берди.
Қайд этилишича, 2013–2021 йиллар мобайнида Эрон ташқи ишлар вазири лавозимида фаолият юритган Зариф янги лавозимидаги фаолиятидан кўнгли тўлмаган.
Нашрга кўра, Масъуд Пезешкиён жорий йилнинг 5 июль куни бўлиб ўтган президентлик сайловларида ғалаба қозонганидан сўнг, Зариф зиммасига янги Вазирлар Маҳкамасига номзодларни танлаш вазифаси юкланган ва у 11 август куни тасдиқлаш учун парламентга тақдим этилган.
У Х’даги саҳифасида янги вазирлар маҳкамасини шакллантириш бўйича маслаҳат кенгаши раҳбари сифатидаги фаолияти натижаларидан қониқмаганини ёзди.
“Мен ишим натижаларидан қониқмадим... Бошқа масалалар қатори бу мени университетдаги йўлимни давом эттиришга мажбур қилди”, дейди у.
Маълумот учун, Муҳаммад Жавод Зариф ташқи ишлар вазири лавозимидан ҳам ўз ихтиёри билан кетганди. Ўшанда у ватандошларидан хизматни давом эттиришга қобил эмаслиги учун кечирим сўраган.
Эронда Зариф АҚШ билан муносабатларни яхшилаш тарафдори сифатида танилган. Айнан у Барак Обама даврида Эрондан санкцияларни олиб ташлашга хизмат қилувчи “ядровий битим”ни имзолашга муваффақ бўлган. Бироқ Дональд Трамп Оқ уйга келганидан сўнг Зарифнинг Ғарб билан музокараларга интилувчанлиги Эронда танқидларга учраган.
LiveБарчаси