Эрон ва Уммон Ҳормуз бўйича келишувга эришди
Олам
−
14:11 1258 2 дақиқа
Эрон ва Уммон икки соҳилбўйи давлати сифатида қарийб уч ойдан бери хавфсиз денгиз йўналишини ташкил этиш бўйича жадал музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда Эрон Ислом Республикаси ТИВ расмий вакили Исмоил Бағоий маълум қилди.
“АҚШ томонидан тўсқинликлар бўлишига қарамай, ушбу музокаралар охирги уч ҳафтада ижобий ва истиқболли илгарилашга эришди, денгиз йўналишлари харитаси бўйича келишувга эришилди”, дейди у.
Шунингдек, Бағоий қолган бир қатор масалалар, жумладан, Теҳрон ва Маскат чиқариши керак бўлган қўшма баёнот бўйича муҳокамалар давом этаётганини қўшимча қилган.
Эрон ТИВ вакили Эрон – Уммон келишуви иккала мамлакат суверенитетини сақлаб қолган ҳолда Ҳормуз бўғози орқали хавфсиз ўтишни таъминлашга қаратилган икки соҳилбўйи давлати ўртасидаги мустақил битим эканини таъкидлаган.
Исмоил Бағоий Ҳормуз бўғозида хавфсизликни ва савдо кемаларининг нормал ўтишини тўлиқ тиклаш жараёни АҚШ томонидан жорий этилган “ноқонуний ҳаракатлар, аралашувлар, таҳдидлар ва ҳарбий-денгиз блокадасининг тўхтатилишига, шунингдек, охирги икки ой давомида содир бўлган мажбуриятлар бузилиши учун компенсация тўланишига” боғлиқлигини урғулаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп низони ҳал қилиш бўйича кутилаётган битим сабабли Эронга ҳужумларни бекор қилганини баён этган эди. Бу битим контурлари Ҳормуз бўғозининг очилиши ва ядро дастури бўйича келишувларни ўз ичига олади. Бироқ Теҳрон ва Вашингтон ҳанузгача консенсусга кела олишмаяпти. Иккала томондан ҳам таҳдидлар ва огоҳлантиришлар янграмоқда.
Ҳормуз бўғози Эронга қарши операция якунлангач, АҚШ ҳудуди деб эълон қилинади, деган эди илгарироқ Оқ уй раҳбари. Бунга жавобан ЭИР ТИВ Ҳормуз бўғозини на твит, на авианосец, на фармон ва на сайловолди нутқи билан ўзлаштириб бўлмаслигини айтиб раддия берди.
Live
Барчаси