Эрон ва Покистон бир йил ичида 2 млндан ортиқ афғон муҳожирини депортация қилди
Олам
−
15:46
6032023 йилнинг 15 сентябрдан 2024 йил 30 сентябргача Эрон ва Покистон 2,2 миллион афғон муҳожирини ўз ватанига депортация қилди. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги бошқармаси томонидан жорий йилнинг 17 ноябрь куни эълон қилинган ҳужжатида келтирилган.
Халқаро экспертларга кўра, қўшни давлатлар ҳукуматлари Афғонистондан келган қочқинларга босимни кучайтирган. Масалан, биргина Эрон ҳар куни юзлаб одамларни мамлакатдан чиқариб юборади. Муҳожирлар, шунингдек, бегона юртда жиддий муаммоларга дуч келаётганидан шикоят қилади – улар полиция томонидан ҳибсга олиниб, қонуний ҳужжатлари бўлишига қарамай, ватанига депортация қилинади.
Таъкидланишича, сўнгги пайтларда Эрон ва Покистон расмийлари зиёратчиларга нисбатан талабларни кучайтирган, шу сабабли ватанига ҳайдалган афғонистонликлар сони сезиларли даражада ошиши мумкин. Расмий Теҳрон жорий йил охиригача икки миллион қочқинни Ислом Республикасидан чиқариб юбориш ниятида эканини аллақачон тасдиқлаган.
“Қўшни давлатлардан афғон муҳожирларининг оммавий депортацияси аҳолининг заиф қатламлари дуч келаётган муаммоларнинг кучайиб бораётганини кўрсатиб, Афғонистондаги шусиз ҳам заиф бўлган ижтимоий-иқтисодий вазиятни янада оғирлаштирмоқда”, дейилади БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги матбуот баёнотида.
БМТ экспертларининг фикрича, халқаро ҳамжамиятнинг қўллаб-қувватлаши ва мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатларигина авж олиб бораётган гуманитар инқирознинг олдини олиш ва ўз ватанига қайтаётган фуқароларнинг хавфсиз реинтеграциялашувини таъминлашга қодир.
2024 йилнинг июль ойида Покистон ва Эрон бир ҳафта ичида 22 мингдан ортиқ афғон қочқинини ватанига депортация қилган эди. Бироқ кўплаб муҳожирлар ҳибсга олиш ва депортация қилиш жараёнида полиция ходимлари томонидан ёмон муносабатда бўлганидан шикоят қилган. Уйга қайтганлар, ўз навбатида, жиддий қийинчиликлар, жумладан, қашшоқлик, ишсизлик ва бошпанасизлик ҳақида гапирган.
“Firstpost” маълумотларига кўра, 2021 йилнинг августида “Толибон” ҳокимиятга келганидан кейин 600 мингга яқин афғонистонликлар Покистонга қочиб кетган. 1979 йил декабрдаги Совет босқинидан, фуқаролар урушидан ва 2001 йил 11 сентябрдан кейин 40 йил давомида яна бир неча миллион киши мамлакатга қайтиб келган.
Афғонистонликлар 1980 йилларнинг бошида Эронга аввалига қочқин, сўнгра иқтисодий муҳожир сифатида кўп миқдорда кўчиб кела бошлаган. 2021 йилнинг августигача Эронда уларнинг сони 2 миллиондан паст бўлган. БМТ ҳисоб-китобларига кўра, “Толибон” ҳокимият тепасига келгач, Эрон ҳудудидаги афғон қочқинлари сони 3,5 миллион кишига етган. Сўнгги бир йил ичида 1 миллиондан ортиқ одам депортация қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон мамлакатнинг шарқий чегараларида хавфсизликка таҳдидларни камайтириш учун Афғонистон ва Покистон билан чегарада тўсиқлар қуришни бошлаганди. Эрон хавфсизлик хизмати маълумотларига кўра, мамлакатга кирадиган гиёҳванд моддаларнинг 80 фоизи Покистон ва Афғонистон чегараларидан кириб келади. Мазкур девор ёқилғи ва товарлар контрабандаси, ноқонуний миграциянинг олдини олишга ҳам хизмат қилади.
LiveБарчаси