Эрон Ўзбекистонга виза тартибини соддалаштиришни таклиф қилди
Local
−
24 July 2833 1 minute
Эрон ўз мамлакати фуқаролари учун виза масалаларини соддалаштириш таклифини билдирди. Бу ҳақда кеча, 23 июль куни Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов ва Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳаммадали Искандарий ўртасидаги учрашув чоғида сўз борди.
Қайд этилишича, учрашув давомида икки мамлакат ўртасидаги туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиш ҳамда сайёҳлар алмашинувини ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинган.
Хусусан, мамлакатларнинг туризм салоҳиятини тарғиб этиш, сайёҳлар алмашинувини ошириш, тўғридан-тўғри авиақатновларни кўпайтириш, шунингдек, тиббиёт туризми йўналишларида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилган.
Учрашувда Эрон томони Эрон фуқаролари учун виза масалаларини соддалаштириш таклифини билдирган.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини Эрон бозорида кенг тарғиб этиш, икки мамлакатнинг бой тарихи ва маданий салоҳиятидан келиб чиқиб, мамлакатлар ўртасида сайёҳлар алмашинувни изчил ошириш бўйича келишиб олинган.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 4 февралдан Эрон 28 давлат, жумладан Беларусь, Қатар, Қирғизистон, Мексика, БАА, Саудия Арабистони, Сербия, Ўзбекистон ва Япония билан виза режимини бир томонлама бекор қилганди.
Бироқ Эрон фуқаролари Ўзбекистонга киришлари учун виза талаб қилинади. Шунингдек, эронликлар Ўзбекистонга сайёҳлик ва бошқа мақсадларда келиш учун соддалаштирилган тартибда электрон виза олишлари мумкин.