Эрон Трампнинг сўзсиз таслим бўлиш ҳақидаги талабига жавоб қайтарди
Олам
−
18 Июнь 27380 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Эронни “сўзсиз таслим бўлиш” ҳақидаги чақириғидан сўнг, Ислом Республикаси олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий Вашингтонга таҳдидлар билан чиқди. Бу ҳақда у бугун, 18 июнь куни қилган телемурожаатида сўз очди.
“Эронга қарши ҳар қандай ҳарбий аралашув, шубҳасиз, уларга тузатиб бўлмайдиган зарар етказади”, деди у.
Хоманаий Трампнинг талабини рад этди ва Эрон халқига “таҳдидлар тилида гапириб бўлмаслиги”ни таъкидлади.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам хорижий давлатларни Исроил билан ҳарбий можарога аралашмасликдан огоҳлантирди.
“Учинчи давлатнинг тўғридан тўғри ҳарбий аралашуви “бутун минтақани қамраб оладиган ва ҳатто ундан ташқарига чиқадиган кенг кўламли урушга олиб келиши мумкин”, деди Эрон Ташқи ишлар вазирлиги сўзловчиси Исмоил Бақоий.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон билан музокаралар олиб боришни истамаслигини ва мамлакат бутунлай таслим бўлишини кутаётганини айтганди. Трамп, шунингдек, АҚШ Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг қаерда яширинаётганини билишини айтди. У уни “осон нишон” деб атаган, аммо Али Хоманаий ҳозир хавфсиз эканини қўшимча қилган. Бундан ташқари, Трамп Эрон ядро дастури билан боғлиқ вазиятни ҳал қилиш учун Теҳрон ядровий қурол яратиш қобилиятидан бутунлай воз кечиши кераклигини айтди. У Эрон ядро қуролига эга бўлишга “жуда яқин” эканини билдирди. Оқ уй раҳбари Эроннинг ядровий дастурини АҚШ аралашуви зарур бўлишидан анча олдин “йўқ қилиш” мумкинлигига умид билдирди.