Эрон Трампга суиқасд уюштирмаслигини ёзма тасдиқлаган – WSJ
Олам
−
16 Ноябрь
2022Эрон жорий йилнинг октябрь ойида АҚШ Президенти Жо Байден маъмуриятига ўша пайтдаги президентликка номзод Дональд Трампга суиқасд уюштиришни режалаштирмаганини ёзма равишда тасдиқлаган. Бу ҳақда америкалик расмийларга таяниб, “The Wall Street Journal” нашри хабар берди.
Нашрга кўра, ушбу махфий хабарлар алмашинуви Трампнинг сайловолди кампанияси давомида Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги кескинликни камайтиришга қаратилган.
Жорий йилнинг 14 октябрь куни юборилган Эрон хабари АҚШ томонидан сентябрь ойида Теҳронга йўлланган ёзма огоҳлантиришга жавоб бўлган. Ўша хабарда АҚШ расмийлари Трампга қилинган таҳдидларни миллий хавфсизлик масаласи сифатида кўриб, унинг ҳаётига қилинган ҳар қандай суиқасдни уруш ҳаракати сифатида баҳолашини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, сайловолди кампанияси давомида Трамп икки марта суиқасддан омон қолди. Биринчиси жорий йилнинг 13 июль куни Пенсильванияда бўлиб ўтган сайловолди тадбирида юз берди. Ҳужумни 20 ёшли қуролли шахс амалга оширди ва у ҳодиса жойида йўқ қилинди. Ушбу суиқасд оқибатида Трамп қулоғидан жароҳат олди. Иккинчи ҳодиса эса икки ой ўтиб, 15 сентябрь куни Флоридадаги гольф-клуби яқинида содир бўлди. Ушбу жойда 12 соат давомида Трампни пойлаб турган қуролланган шахс хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ушланган.