Эрон “Толибон”га Ғани ҳукуматининг ҳарбий техника ва қуролларини қайтарди

Олам

image

2021 йилнинг август ойида Афғонистоннинг собиқ Президенти Ашраф Ғани бошлиқ ҳукумат қулаган пайтда Эронга ўтиб кетган ҳарбий техника ва ўқ-дорилар партияси Афғонистонга қайтарилди. Бу ҳақда “Анадолу” хабар берди.

Қайд этилишича, 7 июндан 8 июнга ўтар кечаси автомобиллар, ҳарбий техника, қурол-яроғ ва ўқ-дорилар ортилган юк машиналар Ислом-Қалъа назорат-ўтказиш пункти орқали Эрондан Афғонистон ҳудудига йўл олган. 

Қайтарилган барча мулк Қандаҳор вилоятидаги маҳаллий ҳокимиятларга топширилган. 

Бу Эрон Афғонистоннинг собиқ ҳукумати четлатилганидан сўнг Афғонистонга қайтарган биринчи машина ва ҳарбий техника партиясидир.

Эслатиб ўтамиз, “Толибон” ҳокимиятни қўлга киритгач, Афғонистоннинг аввалги ҳукуматини қўллаб-қувватлаган бир қатор ҳарбий хизматчилар ва амалдорлар ўзлари билан хизмат машиналари ҳамда қуролларини олиб, Эрон ҳудудига кўчиб ўтган.

Шунингдек, бу даврда Ўзбекистон ва Тожикистонга 10 га яқин вертолёт олиб кетилган, бироқ “Толибон” талабига қарамай, улар Афғонистон томонига қайтарилмаган.

Хусусан, Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Иргашев мамлакат Афғонистоннинг аввалги ҳукумати қулаши арафасида афғон учувчилари қочаётганда мамлакатга олиб ўтган самолёт ва вертолётларни “Толибон” тузган ҳукуматга қайтармоқчи эмаслигини маълум қилган. Расмий Тошкент вертолётлар афғон ҳукуматининг эмас, АҚШнинг мулки эканини таъкидламоқда.

Маълумот ўрнида, АҚШ 2021 йил баҳорида ўз Қуролли кучларини мамлакатдан олиб чиқиб кетишини эълон қилганидан кейин “Толибон” ҳаракати Афғонистон устидан назорат ўрнатиш учун кенг кўламли операция бошлади. 15 август куни “Толибон” жангсиз Қобулга кирди, Президент Ашраф Ғани эса Республикани тарк этди. 6 сентябрда толиблар бутун Афғонистон ҳудуди устидан назорат ўрнатилгани ҳақида эълон қилган бўлса, 7 сентябрда эса қонунийлиги ҳали ҳеч бир давлат томонидан тан олинмаган муваққат ҳукумат таркибини эълон қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Толибон техника

Баҳолаганлар

235

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг