ИИВ Сирдарёда судья ва ИИ ходимлари ўртасида юз берган воқеа тафсилотларини очиқлади (видео)
Жамият
−
15 Июль 2020
20594Сирдарё вилояти маркази Гулистон шаҳрига киришда Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти судининг судьяси А.З.Эргашев Ички ишлар вазирлиги ходимлари томонидан калтаклангани ҳақида хабарлар тарқалди.
Мазкур хабарларга Ички ишлар вазирлиги расмий муносабат билдирди ва воқеа тафсилотларини очиқлади.
Унга кўра, жорий йилнинг 13 июль куни соат 09:30 ларда оқ рангли Nexia русумли, 01 X 172 DA давлат рақам белгили автомашина ҳайдовчиси “Тошкент” карантин блок пости орқали мўлжалланган иккита ҳаракатланиш бўлаги орқали ҳаракатланмасдан, учинчи ҳаракатланиш бўлаги орқали Гулистон шаҳрига кирмоқчи бўлган. Кейинчалик ҳайдовчи Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти суди судьяси А.З.Эргашев экани маълум бўлган.
Натижада автойўлнинг учинчи бўлагида ҳаракатланиб келаётган тез ёрдам автомашиналарининг йўлини тўсиб қўйган. Орқа томондан тез ёрдам автомашинасида оғир касал келаётганлиги боис шу ерда хизмат ўтаётган ички ишлар ходимларига алоқа воситаси орқали хабар келиб тушганлиги сабабли, ходимлар зудлик билан тез ёрдам автомашинасини тўсиқсиз ўтказиб юборишлик учун мазкур ҳайдовчига автомашинани тўғрига ҳаракатлантириш ишорасини кўрсатган. Шунга қарамай, хайдовчи ўзини таништирмасдан, ходимларнинг талабларини бажармасдан, автомашинасини йўлнинг қатнов қисмида тўхтатиб, тез ёрдам автомашиналарини тўсиқсиз харакатланишига халақит қилган.
Шундан сўнг, мазкур блок-постда хизматга жалб этилган ва ҳолатни кузатиб турган, ИИБ ходимлари унинг ёнига бориб, ЙҲХБ ходими билан бирга ҳайдовчига орқасидан ҳаракатланиб келаётган тез ёрдам автомашинасини йўлини тўсиб қўйганлигини тушунтирган. Бироқ ҳайдовчи автомашинасини жойидан қўзғатмаслигини айтиб, ходимларга қўпол муносабатда бўлган.
Шундан сўнг ходимлар мазкур ҳайдовчи бошқарувидаги автомашина орқасида турган тез ёрдам автомашинасини тўсиқсиз ҳаракатини таъминлаш ва тирбандликни бартараф этиш мақсадида Nexia ҳайдовчисини машинадан тушириб, автомобилни йўлдан олган. Муаммо бартараф этилгандан сўнг ҳайдовчи ўзини таништирган шундан сўнг хайдовчига кетишга рухсат берилган.
Вазирликнинг таъкидлашича, Ҳайдовчи ва Ички ишлар органлари ходимлари ўртасидаги мулоқот ходимларнинг бодикамераларида тўлиқ акс эттирилган.
“Тасвирларда кўрганингиздек, ҳайдовчи билан ички ишлар органлари ходимлари ўртасида бўлган мулоқот жараёнида куч ишлатиш ёки қўполлик қилинмаган.
Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, барчамиз ўрнатилган тартиб-қоидаларга қатъий риоя қилсак, автотранспорт эгалари эса ҳайдовчилик маданиятини оширсалар, бу каби зиддиятли ҳолатлар келиб чиқмаган бўлар эди. Хулоса эса ўзингиздан”, дея якунлаган ИИВ.
Эслатиб ўтамиз, Судьянинг ИИВ ходимлари томонидан дўппослангани ҳақидаги хабарга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Иномжон Қудратов мазкур ҳолатга муносабат билдириб, баъзи ходимлар форма кийган куни ўзини “Худонинг ердаги сояси” деб билаётганини айтиб ўтганди.