Эрон Ташқи ишлар вазири Уммонда ҳусийлар вакили билан учрашди
Олам
−
08 Апрель
4442Эрон Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён Уммонга ташрифи чоғида Ямандаги ҳусийларнинг расмий вакили Муҳаммад Абдул Салом билан учрашди. Бу ҳақда Эрон Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
Вазирлик баёнотида таъкидланишича, Абдуллоҳиён 2023 йил ноябридан бери Исроил билан қарама-қаршиликда ҲАМАС ҳаракатини қўллаб-қувватлаш мақсадида Қизил денгиз ва Адан кўрфазидаги тижорат кемаларига ҳужум қилган ҳусийларнинг ҳаракатларини “юқори баҳолаган”.
Эрон дипломатияси раҳбари Британия ва АҚШнинг Яман ҳудудидаги ҳусий нишонларига берган зарбаларини қоралади. Унинг сўзларига кўра, коалиция кучларининг ҳаракатлари “Яман суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини бузади ҳамда сионистик режимнинг мазлум Фаластин халқига қарши давом этаётган жиноятларини қўллаб-қувватлайди”.
Бундан ташқари, томонлар яқинда Исроилнинг Сурия пойтахтидаги Эрон консуллиги биносига уюштирган ҳужумида Ислом инқилоби посбонлари корпусининг етти нафар зобити ҳалок бўлганини муҳокама қилди. Эрон Ташқи ишлар вазири ҳусийлар вакили билан учрашувда Исроилнинг зарбасини “Америка самолётлари ва ракеталаридан фойдаланилган теракт” деб атади.
“Биз Маскатда Эрон Ташқи ишлар вазири билан учрашдик ва Исроилнинг хоин тажовузи қурбонлари учун ҳамдардлик билдирдик, шунингдек, жавоб бериш ҳуқуқига эга бўлган Эронни ва душманни тийиш учун зарур чораларни қўллаб-қувватлашимизни билдирдик”, деб ёзади Абдул Салом ўзининг Х’даги саҳифасида.
Маълумот учун, ҳусийлар 2023 йилнинг ноябрь ойидан бери Қизил денгиздаги Ғарб савдо кемаларига дронлар ва ракеталар билан ҳужум қилиб келмоқда. Гуруҳ ўз ҳаракатларини Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётларига норозилик деб атади ва Исроил билан боғлиқ барча кемаларга ҳужум қилишга ваъда берди. Айни пайтда нафақат ҳарбий кемалар, балки турли давлатларнинг савдо кемалари ҳам ҳусийларнинг нишонига айланмоқда.
LiveБарчаси