Эрон Сулаймонийнинг ҳуни учун АҚШдан 50 миллиард талаб қиляпти
Олам
−
06 Декабрь 2023
10297Теҳрон олий суди АҚШ маъмурияти, Америка ташкилотлари ва расмийлари 2020 йилда Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг “Қудс” махсус бўлинмаси бошлиғи, генерал Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилиши учун 50 миллиард доллар товон тўлаши кераклиги ҳақида ҳукм чиқарди. Бу ҳақда Эроннинг “IRNA” расмий ахборот агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Теҳрон халқаро алоқалар бўйича фуқаролик суди 3 минг 318 шикоятчининг аризаси билан очилган иш бўйича АҚШ давлат муассасалари ва бу давлатнинг хусусий ва юридик шахсларига молиявий ва маънавий зарарни тўлашга чақирган.
Қарорга кўра, АҚШ ҳукуматидан ташқари, 42 нафар жисмоний ва юридик шахслар, жумладан ўша пайтдаги АҚШ президенти Дональд Трамп ва собиқ давлат котиби Майк Помпео суиқасдга буйруқ берган, шунингдек, АҚШнинг юқори мартабали амалдорлари ва уларга алоқадор ташкилотлар 49 миллиард 770 миллион доллар товон пули тўлаши белгиланган.
Жорий йилнинг 27 сентябрь куни Эрон суди 73 нафар америкалик, жумладан Трампга нисбатан “Қосим Сулаймоний ва унинг атрофидагиларга қарши террорчилик ҳаракатлари содир этиш, терроризмни тарғиб қилиш ва асосий инсон ҳуқуқларини бузиш”да айблов хулосаси тайёрланганини эълон қилганди.
Маълумот учун, аввалроқ Эрон Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён Эрон АҚШга қарши фронт очмоқчи эканлигини маълум қилганди.
Сулаймонийнинг ўлдирилиши
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 3 январь куни АҚШнинг Бағдод халқаро аэропортига уюштирган ҳаво ҳужуми натижасида Ислом инқилоби посбонлари корпусининг (ИИПК) “Ал-Қудс” бўлинмаси қўмондони Қосим Сулаймоний ўлдирилганди. Бунга расмий Теҳрон 8 январь куни Ироқдаги Америка ҳарбий базаларига ракета зарбаси бериш билан жавоб қайтарди. АҚШ ҳужум натижасида қурбонлар йўқлиги, зарар кам эканини маълум қилди.
Пентагон Сулаймонийни йўқ қилиш буйруғи шахсан собиқ Президент Дональд Трамп томонидан берилганини маълум қилди. Шундан сўнг икки давлат ўртасида уруш чиқиши хавфи ортиб кетганди.
Сулаймоний Афғонистон, Ироқ, Сурия ва Ливия каби мамлакатларда Эрон сиёсатидаги энг нуфузли шахслардан бири бўлган.
Бир томондан, Сулаймоний Қўшма Штатларга қарши курашган гуруҳларнинг қўмондони вазифасини бажарган бўлса, бошқа томондан у Ироқда АҚШ ва Эрон ўртасидаги музокараларда муҳим роль ўйнаган. Шу муносабат билан Сулаймоний нафақат қўмондон, балки яхши дипломат сифатида ҳам танилган эди.
Қосим Сулаймоний, шунингдек, Оятуллоҳ Али Ҳоманаийдан кейин Эроннинг хавфсизлик сиёсатини шакллантиришдаги энг таъсирчан исмлардан бири бўлган.