Эрон сулҳни узайтиришдан бош тортди

Олам

image

Теҳрон расмийлари АҚШ Президенти Дональд Трампдан ўт очишни тўхтатиш режимини узайтиришни сўрамади. Бу ҳақда “Tasnim” хабар берди.

Манбаларга кўра, Теҳрон Трампни “урушда ютқазган томон” деб ҳисоблайди ва у ҳарбий йўл билан натижага эриша олмаслигини тушуниб, можародан чиқишни энг мақбул йўл деб билмоқда.

Эрон расмийларининг фикрича, сулҳ узайтирилган тақдирда ҳам АҚШ ва Исроил Теҳронга қарши эҳтимолий террористик ҳужумлар режалаштириши мумкин. Бу хавф Теҳрон томонидан жиддий кўриб чиқилмоқда.

Шунингдек, АҚШ томонидан Ҳормуз бўғозида денгиз блокадасининг давом этиши можаронинг чўзилишига олиб келиши мумкинлиги айтилган. Эрон бу сув йўлини очмаслигини ва зарурат туғилса, уни куч билан очиб ўтишга тайёрлигини билдирган.

21 апрель куни Эрон АҚШ билан музокараларнинг янги босқичи учун Покистонга боришдан бош тортган. Бунга АҚШ томонидан сулҳ бузилгани ва Вашингтоннинг ҳаддан ташқари талаб қўйгани сабаб сифатида кўрсатилган.

Шунга қарамай, Трамп сулҳни муддатсиз узайтирганини эълон қилган. У буни Покистон расмийларининг илтимоси билан амалга оширилганини айтган.

Эрон парламенти спикери маслаҳатчиси Маҳдий Муҳаммад эса сулҳни узайтиришнинг маъноси йўқлигини билдирган. Унинг фикрича, “ютқазган томон шарт қўя олмайди” ва блокадани давом эттириш бомбардимон билан бир хил бўлиб, бунга ҳарбий жавоб берилиши керак.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Трамп Эрон билан ўт очишни тўхтатиш режимини узайтириш ҳақида буйруқ берганди. У АҚШ Қуролли кучларига Ҳормуз бўғозидаги блокадани давом эттириш, жанговар тайёргарликни сақлаб туриш ва музокаралар якунига қадар сулҳни узайтиришни буюрган.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Дональд Трамп Ҳормуз

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг