Эрон сулҳи бузилмади – Ҳегсет
Олам
−
11:59 2110 2 дақиқа
АҚШ Мудофаа вазири Пит Ҳегсет АҚШ ва Эрон ўртасидаги вақтинчалик сулҳ ҳали ҳам сақланиб турганини маълум қилди. Бу ҳақда у Вашингтонда ўтказилган матбуот анжуманида сўз очди.
Бу баёнот сўнгги кунларда икки давлат ўртасида денгизда ва ҳудудларда бир-бирига зарбалар берилгани ҳақидаги хабарлар фонида янграган.
“Reuters” агентлигининг ёзишича, вазир бу фикрни АҚШ ва Эрон ўртасида Ҳормуз бўғози устидан назорат учун кескинлик кучайган бир пайтда билдирган.
Аввалроқ, АҚШ ҳарбийлари “Озодлик лойиҳаси” доирасида Эроннинг олтита кемасини йўқ қилгани, шунингдек, қанотли ракеталар ва дронларни уриб туширгани ҳақида маълум қилган эди. Шу билан бирга, Эрон ҳам Ҳормуз бўғозида АҚШнинг икки эсминецига ҳужум қилгани ҳақида хабарлар тарқалган. Кейинроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп ушбу “Озодлик лойиҳаси”ни вақтинча тўхтатганини эълон қилган.
Бундан ташқари, 4 ва 5 май кунлари Бирлашган Араб Амирликлари ҳудудига Эрон томонидан ракета ва дронлар учирилгани ҳақида ҳам маълумот берилган. БАА АҚШнинг минтақадаги асосий иттифоқчиларидан бири ҳисобланади.
Пит Ҳегсетнинг айтишича, ҳозирги вазият жиддий бўлса ҳам, АҚШ можарони кенгайтириш ниятида эмас. Унинг сўзларига кўра, “ҳозирча сулҳ сақланиб турибди, аммо вазият жуда диққат билан кузатиб борилмоқда”.
Шу билан бирга, АҚШ Бирлашган штаб бошлиқлари қўмитаси раҳбари генерал Ден Кейн 7 апрель куни сулҳ эълон қилинганидан бери Эрон бир неча марта уни бузганини айтган. Унинг сўзларига кўра, Эрон ҳарбийлари баъзи савдо кемалари ва АҚШ кемаларига қарата ўқ узган, шунингдек, иккита контейнер ташувчи кемани ҳам қўлга олган.
Аммо генералнинг таъкидлашича, бу ҳужумлар ҳали тўлиқ миқёсдаги урушни қайта бошлаш даражасига етмаган.
Ҳормуз бўғози ҳозирги можародаги энг муҳим нуқталардан бири бўлиб қолмоқда. Бу ҳудуд орқали дунё нефтининг қарийб 20 фоизи ўтади. Уруш бошланганидан бери Эрон таҳдидлари ва АҚШнинг денгиз блокадаси сабаб бу йўналиш деярли фалаж ҳолатга келган.
Мутахассисларнинг фикрича, Ҳормуз бўғозининг ёпилиши ёки хавфли зонага айланиши глобал нефть нархларининг ошишига ҳам сабаб бўлмоқда. АҚШ ва Эрон ўртасидаги музокараларда ҳам айнан шу бўғоздан эркин фойдаланиш масаласи асосий келишмовчиликлардан бири бўлиб турибди.
Шу сабабли айрим таҳлилчилар агар музокараларда тез орада натижа бўлмаса, вазият яна кескинлашиши ва ҳатто АҚШ томонидан ҳарбий ҳаракатлар қайта бошланиши мумкинлигини ҳам истисно қилмаяпти.
Live
Барчаси