Эрон Саудия Арабистони нефть объектларига зарба бериш билан таҳдид қилди
Олам
−
11 Октябрь
11233Эрон Саудия Арабистони ва бошқа Форс кўрфази давлатларини Исроилга Эрон Ислом Республикасига қарши ҳужумда ёрдам берса, мамлакатларнинг нефть объектларига қарши жавоб зарбалари билан юзлашишлари ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда Эрон юқори лавозимли амалдорларига таяниб, “Reuters” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Саудия Арабистони қироллик саройига яқин таҳлилчи Али Шиҳаба ҳам бу маълумотни тасдиқлаган. У агар Форс кўрфази давлатлари Исроил учун ўз ҳаво ҳудудларини очса, Эрон буни уруш ҳаракати сифатида қабул қилишини таъкидлаган. Шиҳабага кўра, Теҳрон Риёдни Яманда ёки Ироқда жойлашган иттифоқчилари ҳам жавоб бериши мумкинлигидан огоҳлантирган.
Маълумотларга кўра, Исроилнинг Эронга ҳужум қилиш имкониятлари 9 октябрь куни Саудия Арабистонининг амалдаги раҳбари – валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон ва Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи ўртасидаги музокаралар марказида бўлган.
Шундан сўнг Саудия Арабистони, Қатар ва БАА АҚШга Исроилнинг Эронни нишонга олиши учун ўзларининг ҳаво ҳудуди ва ҳарбий инфратузилмасидан фойдаланишларига рухсат бермаслигини маълум қилган.
Бироқ Форс кўрфазидаги учта манбанинг “Reuters”га маълум қилишича, Исроил Иордания ёки Ироқ орқали зарбалар бериши мумкин, аммо Саудия Арабистони, Қатар ва БАА ҳаво ҳудудидан фойдаланиш стратегик жиҳатдан зарур эмас. Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, Исроил ҳаво орқали ёнилғи қуйишдан фойдаланиши мумкин, бу эса қирувчи самолётларга Қизил денгиз устидан Ҳинд океанига учиб, Форс кўрфазига бориб қайтишга имкон беради.
“Patriot мудофаа тизимлари ва ракетага қарши ҳимоя бўлишига қарамай, Форс кўрфазидаги барча нефть объектларини ҳимоя қилиш мураккаб вазифага айланмоқда. Шунинг учун, масалага асосий ёндашув дипломатик шаклда бўлмоқда яъни бу орқали минтақадаги давлатларнинг Эронга таҳдид солмаслигини тушунтириш”, дейди нашр манбалари.
Форс кўрфазидаги манбалардан бирига кўра, улар ракеталар уруши марказида қолиши мумкин. Айниқса, агар Исроил Эроннинг нефть объектларига зарба берса, бу янада жиддийроқ хавотирли бўлади.
Қайд этилишича, Саудия Арабистони ёки БААнинг нефть объектларига ҳужум қилиш жаҳон бозоридаги нефть етказиб бериш билан боғлиқ муаммоларга олиб келиши мумкин. 2019 йилда Яман ҳусийларининг Саудия Арабистонидаги Aramco нефть конларига зарбаси дунё бўйлаб нефть етказиб беришни 5 фоизга тўхтатиб қўйган. Шу билан бирга, Эрон нефть инфратузилмасига зарба берилиши Хитойга салбий таъсир қилиши мумкин, чунки у Эрон нефтининг энг катта истеъмолчиси ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, 1 октябрь куни Эрон Исроилга 180 дан ортиқ ракета учирган эди. Теҳроннинг маълум қилишича, асосий нишон ҳарбий инфратузилма бўлган. Исроил мудофаа армияси ҳам икки ҳарбий базага ҳужум уюштирилганини тасдиқлаган.
Шундан сўнг, Исроил бу ҳужумга жавоб чораларини ваъда қилган. Мамлакат Мудофаа вазири Йоав Галант Эронга қарши чораларнинг ўта фалокатли, аниқ ва кутилмаган бўлишини айтиб, Эрон “нима бўлганини ва унинг қандай қилиб содир бўлганини тушунмай қолишини” таъкидлаган. “The Wall Street Journal” эса Исроил Эроннинг ракета ҳужумига жавобан, Ислом Республикаси ҳудудидаги нефть ва бошқа стратегик объектларга ҳужум қилиши мумкинлиги ҳақида хабар берган.
LiveБарчаси