Эрон Россияга иккита сунъий йўлдош юборди
Олам
−
12 Октябрь
12750Эрон Россияга мамлакатда ишлаб чиқарилган иккита сунъий йўлдош юборди. Бу ҳақда "Tasnim" хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, "Кавсар" ва "Ҳудҳуд" сунъий йўлдошлари Эроннинг хусусий компанияси томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, 11 октябрь куни Ер орбитасига учириш учун Россияга юборилган.
"Бу сунъий йўлдошларнинг учирилиши Эроннинг космик саноати тарихида муҳим марра ҳисобланади, чунки бу мамлакатнинг хусусий космик сектори томонидан амалга оширилган илк катта қадамдир", дейилади хабарда.
Қайд этилишича, "Кавсар" сунъий йўлдоши қишлоқ хўжалиги ривожи ва аниқ харита яратиш учун мўлжалланган. "Ҳудҳуд" эса интернет орқали алоқа (IoT) учун хизмат қиладиган коммуникацион сунъий йўлдош.
"Кавсар" сунъий йўлдоши юқори аниқликдаги масофадан кузатув йўлдоши бўлиб, уни ривожлантириш 2019 йилда бошланган. "Ҳудҳуд" эса "Кавсар"нинг илғор технологияларини қўллаб, бир йил ичида ишлаб чиқилган.
Лойиҳани Эроннинг хусусий технология компаниясида 25 ёшли муҳандислар жамоаси бошқарган.
"Кавсар" юқори аниқликда тасвирга олиш имкониятига эга бўлиб, унинг қўлланилиш соҳаларига қишлоқ хўжалиги, табиий ресурслар бошқаруви, атроф-муҳитни кузатиш ва табиий офатларни бошқариш киради.
“Бу сунъий йўлдошларнинг учирилиши Эроннинг космик технологиялар соҳасида ўз-ўзини таъминлашини сезиларли даражада ривожлантириши, иш ўринларини яратиши ва мамлакатнинг халқаро миқёсдаги космик саноатдаги нуфузини ошириши кутилмоқда”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, Россия жорий ийл февраль ойида ва 2022 йилда Эроннинг йўлдошларини орбитага чиқарган эди. АҚШ расмийлари ўша пайтда Россия ва Эрон ўртасидаги фазовий ҳамкорликдан хавотир билдириб, бу йўлдош нафақат Россияга Украинани кузатишда ёрдам беришини, балки Эронга Исроил ва кенгроқ минтақа бўйлаб потенциал ҳарбий нишонларни ҳам кузатиш имконият яратишини айтиб, эътироз билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон Инқилобий гвардияси томонидан қурилган ракета ёрдамида орбитага тадқиқот сунъий йўлдоши учирилгани хабар қилинган эди.
LiveБарчаси