Эрон Россия ўрнига Хитойдан қирувчи самолёт сотиб олмоқчи
Олам
−
27 Июнь 9971 3 дақиқа
Эрон Исроил ва АҚШ билан 12 кунлик урушда оғир йўқотишларга учрагач, ўз Ҳарбий-ҳаво кучларини тезкор равишда модернизация қилиш ниятида Chengdu J-10C русумли кўп мақсадли Хитой қирувчи самолётларига қизиқишини кучайтирди. Бу ҳақда “Khorasan” нашри хабар берди.
Нашрга кўра, Эрон J-10C самолётларига қарийб 20 йилдан бери қизиқиш билдириб келади. 2015 йилда 150 та қирувчи сотиб олиш бўйича келишув тайёргарлик босқичига кирган, бироқ келишув тўхтаб қолган. Ўшанда Пекин тўловни хорижий валютада амалга оширишни талаб қилган, Теҳрон эса валюта танқислиги сабабли нефть ва газ эвазига бартер шаклида ҳисоб-китоб қилишни таклиф қилган.
“Шунингдек, Эрон Ислом Республикасига нисбатан БМТ қурол эмбаргоси ҳам муаммо туғдирарди. Бу чекловлар 2020 йилда олиб ташланганидан сўнг музокаралар қайта бошланди. Ўшанда самолётлар сони 36 тага қисқарган бўлса-да, тўлов масаласи яна тўсиқ бўлди”, дейилади хабарда.
2025 йилги “Military Balance” ҳисоботига кўра, Исроил билан урушгача Эрон тахминан 150 та қирувчи самолётга эга эди. Аксарияти ҳали Ислом инқилобидан олдин АҚШдан сотиб олинган эски моделлар бўлган: F-4 Phantom II (64 дона), F-5Е/F Tiger II (35 дона) ва F-14А Tomcat (41 дона). Бундан ташқари, 1980 йиллар охири 1990 йиллар бошида етказилган 18 дона MiG-29А/UB ҳам мавжуд, лекин эҳтиёт қисмлар йўқлиги ва техник хизмат кўрсатишнинг мураккаблиги сабабли уларнинг кўпчилиги ишламайди.
Эрон томонидан энг сўнгги сотиб олинган хорижий қирувчилар – 2023 йилда сотиб олинган тўртта Россия ишлаб чиқарган Су-35 самолёти эди. Умумий буюртма 50 дона бўлиб, ҳар бирининг нархи 100 миллион АҚШ долларидан ошади. Бироқ Украинадаги уруш туфайли бу самолётларнинг етказиб берилиши яқин вақт ичида кутилмаяпти.
Маълумот учун, J-10C – бу битта двигателли кўп мақсадли қирувчи бўлиб, Хитой уни ғарбнинг F-16В ва Gripen E самолётларига нисбатан арзонроқ муқобил сифатида тақдим этади. Унинг бир донаси нархи 60 миллион доллардан (асосий тўплам) 90 миллион долларгача (эҳтиёт қисмлар, қурол-аслаҳа, кафолат ва учувчилар тайёрлаш билан) етади.
13 июнда бошланган ва 12 кун давом этган Яқин Шарқдаги уруш Исроилнинг Эрон ядро иншоотларига – Фордо, Натанз ва Исфахон шаҳарларида ҳаво ҳужумлари билан бошланди ва Исроилнинг F-35 ва F-15 самолётлари Эроннинг С-300 каби Россиядан олинган ҳаво мудофаа тизимларини ва радарларини йўқ қилиб, Теҳрон осмонида ҳеч қандай қаршиликсиз ҳаракат қила олди. 22 июнда АҚШ ҳам урушга қўшилиб, B-2 Spirit бомбардимончилари ва сув ости кемалари орқали зарбалар берди. “Tasnim” маълумотига кўра, бу операциялар оқибатида Эрон Ҳаво кучлари ўзининг эски паркининг 30 фоизини йўқотган, хусусан, F-4 Phantom ва F-14 Tomcat самолётларини. Улар 1970 йилларда шоҳ Муҳаммад Ризо Паҳлавий даврида харид қилинган.