Эрон олий раҳнамоси Исроилга қарши жавоб қайтаришни режалаштирмоқда – NYT
Олам
−
01 Ноябрь
4333Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий 28 октябрь куни Миллий хавфсизлик олий кенгашига Исроилга қарши жавоб зарбаси режасини тайёрлашни буюрди. Бу ҳақда Эрон расмийларига таяниб, “The New York Times” нашри хабар берди.
Уларнинг маълумотларига кўра, республика ҳарбий қўмондонлиги Исроил ҳудудидаги ўнлаб ҳарбий нишонлар рўйхатини тузмоқда.
“Зарбалар 5 ноябрь куни бўлиб ўтадиган АҚШ президентлик сайловларидан сўнг кутилмоқда, чунки Эрон Республикачилар партиясидан номзод Дональд Трамп сайлов мақсадида Яқин Шарқдаги кескинликнинг кучайишидан фойдаланиши мумкинлигидан хавотирда”, дейди NYT манбалари..
Уларнинг сўзларига кўра, Эрон Ислом Республикасининг олий раҳбари Исроил ҳужуми оқибатларини баҳолаб, шундай буйруқ берган.
Исроилнинг Эронга ҳужуми
26 октябрга ўтар кечаси Исроил 1 октябрь куни амалга оширилган ракета ҳужуми учун “қасос” сифатида Эрондаги ҳарбий объектларга зарба берганини эълон қилди. Эроннинг хабар беришича, мамлакат пойтахти Теҳрон, шунингдек, мамлакат ғарбидаги Хузистон ва Илом вилоятларида бир қатор ҳарбий объектларга ҳужум қилинган. Расмий Теҳронга кўра, ҳаво мудофаа тизимлари ҳужумларни “муваффақиятли” қайтарган, бироқ баъзи объектларга “чекланган зарар етган”.
Исроил ҳужум "муваффақиятли" бўлганини айтди. Эрон армияси ҳам тўрт нафар аскар ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Исроил Эронни яқинлашиб келаётган зарба ва потенциал нишонлар ҳақида олдиндан огоҳлантириб, унга жавобан ҳужум қилмасликка чақиргани хабар қилинганди. Бироқ Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг матбуот хизмати бу хабарни рад этди.
LiveБарчаси