Эрон МАГАТЭ билан ҳамкорликни тўхтатмоқчи

Олам

image

Эрон парламенти Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) билан ҳамкорликни тўхтатиш тўғрисида қонун лойиҳасини қабул қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда бугун, 23 июнь куни парламент спикери Муҳаммадбоқир Қолибоф баёнот берди.

“Биз парламентда Эроннинг МАГАТЭ билан ҳамкорлигини тўхтатувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқмоқдамиз. Бу ҳамкорлик фақат МАГАТЭ ўз фаолиятида объектив ва касбий тамойилларга амал қилишига аниқ кафолатлар бўлган тақдирдагина тикланади”, дейди Қолибоф. 

Унинг айтишича, Эрон ҳеч қачон “тинчликдан бошқа йўналишда” ядро дастури ишлаб чиқишни режалаштирмаган. Шунга қарамай, у халқаро ҳамжамият МАГАТЭ ҳеч бир мажбуриятини бажармаганини ва ташкилот “сиёсий босим воситасига айланганини” кўрганини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, мазкур баёнот АҚШ томонидан 22 июнь тонгида Эроннинг учта ядро иншооти – Натанз, Фордо ва Исфаҳон ҳудудларига берилган зарбадан сўнг янгради. Вашингтон ушбу ҳужумлар Эроннинг ядровий дастурини йўқ қилиш ёки жиддий даражада сусайтиришга қаратилганини билдирди.

АҚШ Президенти Дональд Трамп Теҳронни “бу урушни тўхтатишга” чақирди ва акс ҳолда Эрон бундан ҳам оғир оқибатларга дуч келишини айтди.

Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи АҚШ дипломатияни тарк этганини айтиб, “дипломатия эшиги ҳар доим очиқ бўлиши керак, бироқ ҳозир бу вақт эмас”, дея баёнот берди. У Теҳрон мамлакат хавфсизлиги ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун барча чораларни кўришини таъкидлади.

Эрон Атом энергияси ташкилоти ядровий саноат ривожланиши давом этишини билдирди.

АҚШ ҳужумлари халқаро миқёсда кескин норозиликка сабаб бўлди. БМТ бош котиби Антониу Гутерриш бу ҳаракатларни минтақавий кескинликни кучайтирувчи ва халқаро тинчликка таҳдид солувчи хавфли қадам деб атади.

Россия, Хитой ва Куба ҳам АҚШнинг Эрон ядровий объектларига берган зарбаларини қаттиқ қоралади. Ўзбекистон ва Қозоғистон вазиятга хавотир билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон атом МАГАТЭ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг