Эрон Исроил жанубидаги кимё заводига зарба берди
Олам
−
08:39 4569 2 дақиқа
Исроил жанубидаги Неот-Ховав саноат ҳудудида жойлашган кимё заводига уюштирилган ҳужумдан сўнг ёнғин юзага келди. Бу ҳақда Ynetnews хабар берди.
Ҳодиса жойидан ишчилар ва ходимлар зудлик билан эвакуация қилинган. Хавфли моддалар билан ишловчи махсус хизматлар ҳамда мониторинг гуруҳлари саноат ҳудудида заҳарли моддалар сизиб чиқиши хавфини ўрганмоқда. Тез тиббий ёрдам хизмати маълумотига кўра, бир киши енгил жароҳат олган.
Исроилнинг хабарига кўра, ҳодиса ҳақида маълумот олингач, Беэр-Шева шаҳридан учта махсус хавфли моддалар билан ишловчи гуруҳ ва мониторинг бўлинмалари воқеа жойига юборилган. Нашр ҳозирча жабрланганлар ҳақида аниқ маълумот йўқлигини билдирган.
ОАВ ҳам бир эркак жароҳат олганини, унга тиббий ёрдам кўрсатилганини маълум қилган. Шунингдек, саноат ҳудуди яқинидаги корхоналар ходимлари хавфли моддалар сизиб чиқишидан қўрқиб, иш фаолиятини вақтинча тўхтатишга мажбур бўлган.
Неот-Ховав ҳудудида ўнлаб йирик заводлар фаолият юритади ва минглаб ишчилар меҳнат қилади. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги ҳам воқеа жойига ўз мутахассисларини юборганини маълум қилган.
Эроннинг “Fars” агентлиги манбасига таяниб хабар беришича, зарба Исроил жанубидаги ҳарбий саноат билан боғлиқ заводга қаратилган. Ушбу ҳужум Эрон саноати ва заводларига қарши эҳтимолий ҳужумларга огоҳлантириш сифатида баҳоланмоқда.
Беэр-Шева шаҳридан жанубда жойлашган Неот-Ховав саноат ҳудуди Исроил кимё саноатининг муҳим марказларидан бири ҳисобланади. Бу ерда мамлакатдаги барча кимёвий маҳсулотларнинг қарийб ярми ишлаб чиқарилади. Ҳудудда, шунингдек, электр станция ва омборлар ҳам мавжуд.
Live
Барчаси